Тошкентда 28 ёшли эркак икки кишини пичоқлаб қўйди. Улардан бири ўзидан 10 ёш кичкина йигит

0

Тошкент шаҳри Сергели туманида 28 ёшли эркак ўзидан 10 ёш кичкина йигит ва уларни ажратмоқчи бўлган аёлни пичоқлаб қўйди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 16 ноябрь куни 28 ёшли Алишер М. Тошкент шаҳар Сергели тумани Сергели-2-даҳа 36-уйнинг олдида 18 ёшли Ағзам Й. билан жанжаллашган.

Қайд этилишича, Алишер М. ўзини ҳақорат қилганлиги сабабли келиб чиққан жанжал оқибатида олдида бўлган ошхона пичоғи билан Ағзам Й.га ҳамда уларни ажратиб, безорилик ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган 24 ёшли Шаҳноза М.нинг танасини турли жойларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда Ағзам Й. ва Шаҳноза М. тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилган.

Кўздан кечириш жараёнида ҳодиса жойидан ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Алишер М.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Алишер М. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

tergov.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here