Тўрақўрғон ИЭСдаги авария сабаб Тошкент шаҳри ва олти вилоятда электр таъминотида чекловлар киритилди

0

Наманган вилоятида жойлашган Тўрақўрғон ИЭСнинг 2 та энергоблоки 2020 йилнинг 20 ноябрь куни соат 15:51 да авариявий тўхтади. Бунинг натижасида мазкур станция орқали энерготизимга етказиб берилаётган қувват 600 МВтга камайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг оқибатида Фарғона водийси вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилди.

Оператив тарзда ўтказилган ўрганишларга кўра, авариявий тўхташ 2-энергоблокнинг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импулс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида рўй берган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган.

Ушбу қувват етишмовчилигини қоплаш учун Тахиатош ИЭСда қуввати 280 МВт бўлган 1-энергоблок соат 16:30 да ишга туширилди ва ҳозирда 30 МВт қувватда ишламоқда. Соат 22:00 га қадар 200 МВт қувватга чиқарилади.

Талимаржон ИЭСда қуввати 450 МВт бўлган 2-энергоблокнинг газ турбинаси соат 16:11 да ишга туширилди ва ҳозирда 300 МВт тўлиқ қувватда ишламоқда.

Вазирлик хабарига кўра, ҳозирда Тўрақўрғон ИЭСда музлаган ҳимоя датчикларини созлаш ишлари бажарилиб, 2-энергоблок соат 17:50 да тизимга уланди. Айни пайтда 150 МВт қувват бермоқда. Бугун соат 19:00 га қадар қуввати 250 МВтга чиқарилади. 1-энергоблок бугун соат 19:30 гача ишга туширилиб, тизимга 200 МВт қувват беради. Натижада бугун соат 21:00 га қадар ушбу энергоблокларда 700 МВт қувватга етади.

Шунингдек, электр таъминотидаги узилиш сабабли Зирабулоқ компрессор станциясида бугун соат 15:45 да 4 та ва 15:55 да Ғаллаорол компрессор станциясида 4 та газ ҳайдаш агрегатларининг вақтинча тўхташи рўй берди. Соат 16:35 га қадар электр таъминоти тикланиб, компрессор станциялари штат режимда ишлашга ўтди.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here