Европада биринчи ва иккинчи локдаунларнинг атроф-муҳитга таъсири таққосланди

0

Европада иккинчи локдауннинг атроф-муҳит учун таъсири биринчи локдаун самарасига нисбатан анча камроқ аҳамият касб этди. Бу ҳақда Financial Times Copernicus мониторинг агентлиги маълумотларига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».

Хусусан, автомобиллар, шу жумладан, юк машиналари ишлаб чиқарадиган азот диоксиди ҳавода ўртача камайган, баъзи ҳолларда ҳатто унинг миқдори ошган.

Шарқий Англия университетининг иқлим ўзгаришлари фани профессори Корин Ле Кере айтишича, иккинчи локдаун давомида азот диоксиди ҳавога чиқарилишининг камайиши биринчи локдаун даврида кузатилганининг тахминан ярмини ташкил этган. «Бу машиналар томонидан босиб ўтилган масофа ҳамда иқтисодиётнинг қанчалик даражада фалажлангани билан бевосита боғлиқдир», — дея аниқлик киритди профессор.

Баҳорги чекловлар мобайнида Европа шаҳарларида ҳавони ифлослантирувчи асосий моддалар миқдори 50 фоиз ёки ундан ҳам кўпроқ пасайган эди. Аммо ҳозир, масалан, Лондоннинг Марилебон кўчасида ноябрда (январдаги маълумотларга нисбатан) азот диоксиди ажралиб чиқишининг камайиши 21 фоизни ташкил этмоқда, майда эса бу кўрсаткич 74 фоизга пасайган эди.

Трафикни кузатиб борувчи навигация ва сервислар учун ускуналар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ТомТом компанияси маълумотларига кўра, Европа шаҳарларида ҳаракатнинг камайиши умуман юз бермаган ёки аҳамиятсиз бўлган. Масалан, Берлинда ҳозир трафик одатдагидан юқорироқ. Рим, Мадрид ва Лондонда трафик даражаси одатдаги кунларга нисбатан 30 фоизга камроқ бўлса-да, барибир баҳордагидан анча юқори.

Октябрь охири ва ноябрь бошида Европанинг кўплаб мамлакатлари COVID-19’га чалинганлар сони ўсиши туфайли чекловларни қайтадан жорий қила бошлади. Хусусан, Буюк Британия, Германия, Франция, Нидерландия, Австрия, Греция ва Польшада карантин жорий қилинди.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here