ИНСОН ОРГАНИЗМИДАГИ УРОЛОГИК ТИЗИМНИНГ ФУНКЦИЯСИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

0

Жуманазар БЕКНАЗАРОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор:

— Моддалар алмашинуви жараёнида организмда кераксиз моддалар пайдо бўлиб, уларни вужуддан чиқариб ташлаш талаб этилади. Урологик тизим организмда ана шундай муҳим фильтр вазифасини бажаради.

Агар мана шу тизим мукаммал ишламаса, заҳарли моддалар организмда кўпайиб кетиши натижасида инсон танаси ҳалокатга юз тутиши мумкин. Пешоб ишлаб чиқариш тизимида, аввало, буйракларнинг аҳамияти катта. Буйраклар 180-200 грамм оғирликда бўлиб, умуртқа поғонасининг икки тарафида жойлашади. Улар худди ловиясимон кўринишга эга қўш аъзодир. Буйракларнинг асосий ишчи тизими — нефронлардир. Нефронлар орқали қон ўтади ва ундан сўнг қон плазмасига ўтказилади.

— Фимоз касаллиги, уни уй шароитида қандай даволаш йўллари бор?

— Фимоз касаллиги ўғил болаларда учрайдиган урологик нуқсон. Бунда боланинг олатини ёпиб турувчи кертмак варағи узун бўлиши туфайли унинг тешиги тор бўлади. Натижада олат учида туз йиғилиб, яллиғланиш юзага келади. Бу нуқсонни оддий стерилланган бинт ва беш фоизли синтомицин суртмаси ёрдамида уй шароитида бартараф этиш мумкин.

Бунинг учун чақалоқлар патронажига борган ҳамшира боланинг урологик тизимини яхшилаб кўрикдан ўтказиб, нуқсон аниқланса, онага бола парвариши бўйича маслаҳат ва тавсия бериши лозим. Ўз вақтида кўрилган ана шундай чоралар келгусида баланит, баланопостит каби урологик касалликларнинг олдини олишга замин бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...