УРОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАР: Ҳозирда болаларда буйрак-тош касалликлари кўп учраётганининг сабаблари нимада?

0

Жуманазар БЕКНАЗАРОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор:

— Болаларда учраётган буйрак-тош касалликлари минг афсуски, сўнгги йилларда 3-4 баробар кўпайди. Бунга асосий сабаб эса буйракларда моддалар алмашинуви жараёнининг бузилишидир. Ушбу ҳолатга биринчи навбатда нотўғри овқатланиш оқибатида дуч келинади.

Одам организмидаги баъзи тузлар нордон муҳитда эриса, баъзилари кислотали (ишқорий) шароитда парчаланади. Агар бола ҳар куни бир хил овқат истеъмол қилаверса, буйракда муҳит ўзгармай қолаверади. Яъни, кислотали муҳитда эрийдиган туз ва тошлар ҳадеб нордон муҳит тушаверса, муқим қотиб қолади. Ёки аксинча, нордон шароитда эрийдиган тошлар ишқорий муҳитда эрий олмай, катталашаверади. Бола турли овқатлар билан озиқлантириб турилса, унинг буйрак тизимидаги муҳит тез-тез ўзгариб, туз ва тошлар тўпланишига имкон қолмайди.

— Болаларнинг томоғи оғриши буйракка қандай зарар келтириши мумкин?

— Боланинг томоғи оғриганда бодомча безда пайдо бўладиган йиринглар қонга сўрилиши натижасида организмда ҳар хил антиген ва антителалар пайдо бўлади. Улар буйрак коптокчаларида тўпланиб қолиши туфайли яллиғланиш юзага келади. Бу тиббиёт тилида гломерулонефрит дейилади.

Касалликни даволаш учун икки йил ва ундан кўпроқ вақт талаб этилади. Баъзи ҳолларда дард бир умр инсон соғлиғига таъсир этади. Буйрак трансплантацияси ўтказилаётган беморларнинг тўқсон фоизи болалигида гломерулонефрит билан хасталангани бунинг исботидир. Демак, болаларда учрайдиган томоқ оғриғига бефарқ бўлиш кейинчалик оила ва ҳатто жамиятга ҳам қимматга тушиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...