Хитой қурилмаси 44 йил ичида биринчи марта Ойдан тупроқ намунаси олиб келади

0

Хитойнинг “Чанчжэн-5” ракетаси “Чанъэ-5” зондини орбитага чиқарди. Зонд Хитой космонавтикаси тарихида биринчи марта Ерга Ой тупроғи намунасини етказади.

Ракета Хайнан оролидаги “Вэньчан” космодромидан Тошкент вақти билан 24 ноябр соат 1.30да учирилди. Станция миссия доирасида Ойнинг ёруғ томони ғарбий қисмида жойлашган Бўронлар океанида қўниб, 2 кг.га яқин тупроқ намунаси олиб, Ерга қайтиши керак. Миссия 23 кун давом этади.

Зондни Ойга 29 ноябрда қўндириш режалаштирилган. Агар миссия муваффақиятли амалга ошса, Хитой Ой сиртидан геологик намуналарни Ерга етказган 44 йил ичидаги биринчи, Россия ҳамда АҚШдан кейин буни амалга ошира олган тарихдаги учинчи давлат бўлади. Собиқ иттифоқнинг “Луна” миссияси доирасида 1970-1976 йиллар давомида Ерга 326 грамм, АҚШнинг “Аполлон” миссияси доирасида эса 391 грамм Ой тупроғи етказилган.

Хитой қурилмаси Ойда қачон вулқон фаоллиги тўхтагани ва магнит майдони йўқолгани ҳақидаги саволга жавоб беришда ёрдам бериши кутилмоқда.

8,2 тонналик зонд 4 та модулдан иборат бўлиб, улар Ойга қўниш, Ой сиртида икки метргача чуқурлик бурғилаб, ундан тупроқ олиш, олинган тупроқ билан Ой сиртидан кўтарилиш ва орбитал модулга туташиш учун мўлжалланган. Сўнгра орбитал модул Ойдан олинган намуна билан Ерга қайтади. Уни 15-16 декабрда Хитой шимолида қўндириш режалаштирилган.

Ҳозирда Хитой ўз миллий коинот дастурини фаол ривожлантирмоқда. Хитой охирги 2 йил давомида фазовий парвозлар сони бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Жумладан, мамлакат 2030 йилгача Ойга фазогирларни жўнатишни ҳамда кейинчалик унда ўз базасини қуришни режалаштирмоқда.

rg.ru

loading...