Хитойда таксичилар учун идеал автомобиль тақдим этилади

0

Хитойнинг BYD фирмаси ҳамда дунёдаги энг йирик такси агрегатларидан бири бўлган DiDi компанияси таксичилар ва машинани қисқа муддатга ижарага берувчилар учун идеал автомобилни тақдим этди. BYD D1 электрокари тижорий эксплуатация ҳамда йўловчиларнинг чиқиш/тушиш қулайлиги ҳисобга олинган ҳолда яратилган. Янги электромобилларнинг партияси йил охирига қадар DiDi автопаркини тўлдиради, деб хабар беради Motor.

Узунлиги бўйича BYD D1 (4390 миллиметр) Hyundai Solaris каби, бироқ Хитой электромобилининг кузови икки ҳажмли — баланд (1650 миллиметр) ва кенг (1850 миллиметр). Қизиқарли жиҳати — суриладиган ўнг орқа эшигининг электр узтамали эканлиги.

BYD D1’нинг ғилдираклар базаси 2800 миллиметрни ташкил этади ва шу сабабли электромобиль ушбу кўрсаткич бўйича Toyota Camry’дан бироз «орқада». Марказий туннел йўқ, шифт қисми баланд. Шассилар орқа ўриндиқдаги йўловчилар қулай жойлашиши ҳисобга олинган ҳолда яратилган.

Салон ичидаги ўриндиқлар ва эшикларнинг картлари емирилишга бардошли материаллардан ишланган. Шунингдек, иситгич, кондиционер, ойнани электр бошқариш функцияси ҳамда йўловчилари учун бир жуфт тачпадлар бор. Ҳайдовчига мўлжалланган ёрдамчилар қаторидан круиз-назорат, автоматик тормозланиш тизми ҳамда орқани кузатиш имконини берадиган камера ўрин олган.

Ҳайдовчининг қаршисида рақамли табло жойлашган бўлиб, 10,1 дюймли тачскринда буюртмаларга оид ахборот-кўнгилочар маълумотлар тақдим этилади. Машина капоти остида 136 от кучига эга синхрон электродвигатель жойлашган. У бир марта қувватланиш орқали 418 километр йўл боса олади. Батареялар сиғими ҳақида маълумот берилмаган, бироқ у литий-фосфатли эканлиги маълум.

Юзни таниш тизими, шунингдек, видеорегистратор хавфсиз сафар қилишни кафолатлайди — ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларига оид қўпол хатоларга йўл қўйса, буюртмалар қабул қилишдан маҳрум этилади. Жаҳлдор йўловчилардан ҳайдовчини фавқулодда ёрдам чақириш имконини берадиган яширин тугма ҳимоя қилади

BYD D1 эркин савдоларга чиқиши даргумон: агарда электромобиль ўзини оқласа DiDi сервиси ўзининг эски таксиларини бутун Хитой бўйлаб янги автомобилга алмаштиради. Моделнинг синов жараёнлари декабрдан бошланади.

loading...