Икки соатда мингта савол: адлия вазири фуқаролар билан Facebook орқали жонли мулоқот қилди

0

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича шакли сифатида илк бора ташкил этилган Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг Facebook даги “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳидаги мулоқотда фуқаролардан қарийб 1500 та савол келиб тушди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Онлайн мулоқот давомида фуқаролар нафақат адлия тизими ва норма ижодкорлигига доир саволлар билан мурожаат қилдилар, балки давлат органлари ишига ўзларининг муносабатларини, баҳо ва эътирозларини ҳам баён этдилар.

Лойиҳа аҳолининг саволлари, уларни ташвишга солаётган масалаларни ўрганишда, умуман халқ дардини тинглашда ноанъанавий йўлларни ўйлаб топиш, халқ билан мулоқотни янгича форматларда йўлга қўйиш зарурияти мавжудлигини кўрсатди.

Адлия вазирлиги учун ушбу лойиҳа яна бир жиҳати билан аҳамиятлидир: мулоқот давомида келиб тушган мурожаатлар аҳоли муаммоларини аниқлаш ва халқнинг реал аҳволини ҳис қилиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ушбу маълумотлар тизимлаштирилган ҳолда таҳлил қилиниб, натижалар ва хулосалар келгусида норма ижодкорлиги соҳасида эътиборга олинади.

Жумладан, мулоқот якунлангач, вазирлик мутахассисларига мулоқот давомида келиб тушган айрим таклифлар юзасидан қонунчиликка ўзгаришлар киритиш масаласини ўрганиш топшириғи берилди.

loading...