ЖССТ: коронавирусни биринчи бўлиб бир йўла бир неча киши юқтириб олган бўлиши мумкин

0

Коронавирус инфекциясига дунёда биринчи бўлиб бир йўла бир неча киши чалинган бўлиши, улар вирусни турли тарқатувчилардан юқтирган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Дастлабки ҳолат ягона бўлмаслиги мумкин, кўпроқ бўлиши мумкин. Бу одам бўлиши мумкин, лекин бу ҳайвон ҳам бўлиши мумкин», — деди у.

Райаннинг таъкидлашича, вируснинг «оралиқ ташувчиси» ҳам бўлиши мумкин.

ЖССТ вакили аниқлик киритишича, ҳозир вирус одам ва ҳайвон ўртасидаги тўсиқни қандай ёриб ўтганини аниқлаш муҳим. Агар вирус ҳайвонлар орасида тарқалиши мумкин бўлса, бу одамлар орасида касалланишлар сони ортишига олиб келади. «Яқиндагина биз бундай муаммога гувоҳ бўлдик, яъни вирус қоракўзандан одамга юқишни бошлаган эди», — деди Райан.

Fox News телеканали Хитой ҳукумати қарорларидан хабардор бўлган ва тегишли ҳужжатларни кўрган бир нечта манбаларига таяниб, коронавирус инфекциясига чалинган биринчи одам Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториялардан бирида ишлагани ҳақида хабар берганди.

Телеканал ҳамсуҳбатлари таъкидлашича, одамга инфекция кўршапалаклардан юққан, «бошланғич бемор» эса уни кейин шаҳардаги бошқа одамларга тарқатган. Касалликни биринчи юқтирган одам денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлгани ҳақидаги версияни телеканал манбалари рад этган ва бу версия лаборатория айбини хаспўшлаш учун қўлланилганини айтган. ЖССТ ва Хитой ҳукумати SARS-CoV-2 коронавируси сунъий келиб чиқиш белгиларига эга эмаслигини бир неча марта маълум қилган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, дунёда пандемия бошидан буён 59 106 877 киши COVID-19’ни юқтириб олган, 1 395 176 киши вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги бир ойда дунё бўйича аниқланган касалланиш ҳолатлари пандемиянинг илк олти ойи давомида аниқлангандан кўра кўпроқдир. Сўнгги икки ҳафта мобайнида ташкилот бир ҳафта учун рекорд даражадаги касалланиш ҳолатларини қайд этди. АҚШда эса бир ҳафтада 1 миллиондан зиёд коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланди.

loading...