ҚАНДЛИ ДИАБЕТ НАСЛДАН НАСЛГА ЎТАДИМИ?

0

Шаҳноза АЗИМОВА,
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар эндокринологияси бўлими мудири, олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди:

— Қандли диабет хавфли эндокрин касалликлардан бири сифатида ёш болаларда, ҳаттоки чақалоқларда ҳам қандли диабетнинг кўпайиб бораётганининг сабаби нимада? Унинг илк белгилари болаларда қандай намоён бўлади?

— Болалар ва ўсмирларда учрайдиган қандли диабетнинг 1-тури тезкор ташхис ва даволаш талаб қилади. Албатта, ўз пайтида ташхисланса ва даво муолажалари тўғри йўлга қўйилса, ота-оналар, ўсмирлар ва болаларга етарлича тушунтиришлар берилиб, назоратга олинса, касалликдан фориғ бўлиш мумкин. Лекин бунинг акси бўлса, хавфли эндокрин касаллик ҳисобланади. Қандли диабет 1-тур касаллиги охирги пайтларда кичик ёшдаги болаларда ташхисланмоқда ва бунинг сабаблари бўлиб, асосан вирусли касалликлар туфайли иммун тизимидаги бошланғич ўзгаришлардир. Албатта, ташқи муҳит, онанинг ҳомиладорлик пайтидаги ҳолатлари ҳам роль ўйнайди. Касалликнинг илк клиник белгилари болалар ҳолатидаги ўзгаришларни, яъни ҳолсизлик, чанқаш, озиш, тез-тез пешобга боришга шикоятларини аниқ муддатини айта оладилар ва охири 10-15 кун ичида умумий ҳолатнинг кескин ёмонлашувига шикоят қиладилар.

— Қандли диабетнинг 1-тури наслдан-наслга ўтадими?

— Қандли диабетнинг 1-тури келиб чиқишида наслий берилувчанлик бўлиб, унинг асосида аутоиммун ўзгаришлар ётади. Бир оиладан 2-3 фарзандда, ота-бола ёки она-болада учраш ҳолатлари бор. Лекин бу оилада қандли диабет авлоддан авлодга 100% ўтади дегани эмас.

—Қандли диабетга чалинган болаларда унинг асоратлари қоладими?

— Касалликнинг 1-тури мутлоқ инсулинга боғлиқ ўткир кечувчи ҳолат бўлса-да, шифокор тавсиялари асосида доимий назорат — гликемик назорат, инсулинотерапия, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликка амал қилинса, касаллик асоратлари юзага келмайди ва хаёт сифати пасаймайди. Агар тавсияларга риоя қилинмаса, фарзандлар назоратсиз қолдирилса, эрта ва кечки асоратлар юзага чиқиши мумкин. Булар: жисмоний вв жинсий ривожланишнинг орқада қолиши, специфик асоратлар — буйрак, кўзларда, нерв тўқималаридаги асоратлардир.

loading...