Аммасининг қизини ҳимоя қилган йигит уч кишидан калтак еб, касалхонага тушди

0

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида аммасининг қизига гапирган йигитни урган фуқарони уч нафар киши калтаклаб кетди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Қайд этилишича, 19 ёшли Ҳусниддин О. фуқаро Жамшиднинг аммасининг қизига гапирганлиги сабабли, 2020 йилнинг 17 ноябрь куни ўзаро жанжаллашган вақтида, Жамшид фуқаро Ҳусниддин О.нинг юзига тарсаки туширган. Шундан сўнг, 2020 йилнинг 18 ноябрь куни соат 13:00 да, Ҳусниддин О. ўзининг қариндошлари 21 ёшли Зуҳриддин О. ва 18 ёшли Бахтиёр А.лар билан бирга ўч олиш мақсадида, Ангрен шаҳар «Ибн Сино» маҳалласида жойлашган «Нур» тўйхонасининг орқа қисмида, таниши 18 ёшли Жамшид билан ўзаро жанжаллашган. Оқибатда Ҳусниддин О., Зуҳриддин О., ва Бахтиёр А. қўл-оёқлари билан Жамшидни танасининг турли жойларига уриб тепиб тан жароҳати етказган. Натижада Жамшид тан жароҳатлари билан Ангрен шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Жамшид оғир тан жароҳати олганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича Ҳусниддин О., Зуҳриддин О., ва Бахтиёр А., гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинганлар. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...