Россия ва Туркия Тоғли Қорабоғда тинчликни сақлаш ҳаракатларига бошқа мамлакатларни ҳам жалб қилмоқчи

0

Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған ва Россия раҳбари Владимир Путин телефон орқали мулоқот ўтказиб, Тоғли Қорабоғда тинчликни сақлаш ишларига бошқа мамлакатларни ҳам жалб қилишни муҳокама қилишди. Бу ҳақда 25 ноябрь куни Эрдўғаннинг ўзи маълум қилди.

27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғни талашиб уруш бошлашганди. Олти ҳафта давом этган ушбу ҳарбий тўқнашувларга 10 ноябрь куни барҳам берилди. Шу куни Арманистон ва Озарбайжон расмийлари Россия воситачилигида шартнома имзоладилар.

Ушбу битим шартларига биноан, Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғга киритилди. Бу эса Озарбайжоннинг ушбу ҳудудда янада кўпроқ ерларни ўз назоратига олишини тўхтатиб қўйди. Туркия ҳали Тоғли Қорабоғга ўз армиясини киритганича йўқ. Лекин, турклар Қорабоғни биргаликда назорат қилиш бўйича Россия билан келишувга эришганлар.

“Биз буни янада ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятига эгамиз.  Биз бу масалани жаноб Путин билан ҳам муҳокама қилдик» деди Эрдўған Тоғли Қорабоғдаги ҳарбийлар ҳақида гапирар экан.

Эрдоғаннинг айтишича, агар минтақадаги бошқа давлатлар ҳам Тоғли Қорабоғдаги тинчликни сақлаш ишларига жалб қилинса, ушбу ҳолат “юқори даражага” кўтарилиши мумкин. Аммо, у айнан қайси давлат Тоғли Қорабоғга ўз ҳарбийларини киритиши кераклигини айтмаган.

tarjumon.uz

loading...