Россиянинг “энг махфий” адмирали вафот этди

0

Россия Мудофаа вазирлиги чуқур денгиз тадқиқотлари бош бошқармаси бошлиғи, Россия Қаҳрамони ҳамда вице-адмирал Алексей Буриличев вафот этди.

Бу ҳақда РИА Новости ҳарбий тиббий доиралардаги манбасига асосланиб хабар берди.

Таъкидланишича, Буриличев 25 ноябрда Москвада 62 ёшида вафот этган. Коронавирус юқтириб олгани тахмин қилинган адмирал ҳарбий касалхонада даволанаётган бўлган.

Ўлим сабаби ҳозирча маълум қилинмаган.

Алексей Буриличев 1958 йил 13 августда Ленинградда дунёга келган. 1980 йилда Фрунзе номидаги Олий денгиз мактабини тугатган ва кейинчалик Шимолий флотнинг атом сувости кемаларида хизмат қилган.

1992 йилдан 1996 йилгача Атлантика минтақаларида К-461 «Бўри» номли атом сувости кемасига қўмондонлик қилган. Фаолияти давомида энг сўнгги баллистик ракеталар билан қуролланган Америка сувости кемасини топган. Узоқ вақт давомида Буриличев қўмондонлигидаги «Бўри» ўша кемани яширинча кузатиб борган. Шу иши ушун Буриличев Россия Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.

2005 йил октябрдан то умрининг охиригача Мудофаа вазирлигининг махфий бўлинмаларидан бири бўлган чуқур денгиз тадқиқотлари бош бўлимини бошқарган.

loading...