Асоссиз гумонни асосли қиёс синовидан ўтказамиз. Ўзбекистондаги ўсишни шубҳа остига олган Ўлжас Тулеуовга жавоб

0

Қозоғистон Миллий банки раисининг маслаҳатчиси Тулеуов Ўлжас яқинда берган интервьюсида Қозоғистоннинг ЕОИИ таркибига қўшилишдан оладиган манфаати ҳақида гапирар экан, у сўнгги йилларда ахборот маконида Марказий Осиёдаги Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида етакчилик учун рақобат мавзусида ҳам сўз юритди. Жумладан, қуйидагилар айтилган:

«Мен Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги минтақавий интеграциясида (Европа Иттифоқи ва, хусусан, Россия билан интеграция масаласида – таҳририят) катта салоҳият кўрмоқдаман. Чунки Ўзбекистонда иқтисодиёт, умуман, сиёсат либераллашуви мавжуд бўлса-да, ҳар йилнинг охирида чиқадиган, Ўзбекистон биринчи рақамли давлатга айлангани, у ерда ҳаммаси зўрлиги ҳақидаги мақолалар, менинг фикримча, катта афсонадир. Мен ҳамкасбларим, ўзбекистонлик дўстларим билан тез-тез мулоқот қиламан, улар аслида бундай эмаслигини таъкидлайди. Албатта, тараққиёт бор, лекин кўрсатилаётганичалик эмас. Ўйлайманки, яқин 10–15 йил ичида Ўзбекистон Қозоғистон шу даврда эришган натижаларига эриша олмайди. Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон энди ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиши мумкин. Менимча, Қозоғистон бу йўналишда интеграцияни кучайтириши керак».

Савол туғилади: Ўзбекистон Қозоғистон Республикаси эришган натижаларга эриша олмаслигига бунча ишонч қаердан келди? Шу билан бирга, биринчисидан келиб чиқадиган иккинчи савол: айнан қайси натижалар ва қайси йўналишдагилари? Гапирилдими, дангал айтилиши керак. Бундай гапларни ОАВ ходимлари ёки мутахассислар гуруҳи гапирганда ҳам тушунса бўлар эди, лекин анчайин юқори мансабдор шахс бу ҳақда умумлаштирилган тарзда ва аниқ фактларсиз гапирса, бу бир оз нотўғри эшитилади ва шу билан бирга кўплаб саволлар туғдиради.

Асосли таққос

Иқтисодий ривожланиш динамикаси ва айрим тармоқларнинг юзаки таққоси ҳам бунинг аксини кўрсатмоқда. Шундай қилиб, сўнгги йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиш суръатлари Қозоғистонга нисбатан юқори бўлиб келмоқда. МДҲ Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистом ЯИМи 2010 йилга нисбатан 76 фоизга, Қозоғистон ЯИМи эса 44 фоизга ўсди. 2000 йилдан бери Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши 2,7 баробар, Қозоғистонда 2,5 баравар ошди. Шу даврда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш ҳажми 2,7 баробар, Қозоғистонда 1,9 баравар ошди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ҳақида гап кетганда, бир ажойиб фактни келтириб ўтиш керак: СССР давридаги статистик маълумотларга кўра, 1988 йилда Қозоғистон ССРда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми Ўзбекистон ССРдан юқори бўлган. 1988 йилда Қозоғистон ССРда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 1983 йил билан солиштирма нархларда 15,8 миллиард рубль, ЎзССРда эса 10,9 миллиард рублни ташкил этган. 2019 йилда Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 5 216,5 миллиард тенге (13,5 миллиард доллар), Ўзбекистонда эса 224 265,9 миллиард сўм (25,4 миллиард доллар) бўлган.

Икки мамлакатдаги сармоявий фаолият энг муҳим ва жуда аниқ кўрсаткичлардан биридир. Асосий капиталга сармоялар 2000 йилдан буён Ўзбекистонда 10,4 баробар, Қозоғистонда 7,6 баравар ошди.

Инфографика: МДҲ халқаро статистика қўмитаси

Графикдан кўриниб турибдики, узоқ вақт давомида Қозоғистон иқтисодиётига сармоя илғор суръатда кириб келган. Бироқ сўнгги йилларда вазият ўзгаришни бошлади. Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш, нафақат иқтисодиётда, балки давлат ва жамиятнинг бошқа соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар инвестицияларнинг кескин кўпайишига олиб келди.

Шу билан бир қаторда, икки мамлакат иқтисодиёти хилма-хил тузилганини ҳам ҳисобга олиш зарур. Иқтисодий ривожланишнинг амалдаги моделидаги сезиларли фарқлар икки мамлакат ҳукуматларининг ҳам долзарб, ҳам узоқ муддатли вазифаларни ҳал қилишдаги турлича ёндашувини белгилаб беради. Шунинг учун қўшни давлат ривожланишининг асоссиз прогнозини бериш унчалик ҳам тўғри эмас.

Масалан, Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши хилма-хил, Қозоғистонда бир томонга – тоғ-кон саноатига йўналган. Шундай қилиб, Қозоғистонда қазиб олиш саноатининг улуши саноат маҳсулоти умумий ҳажмининг 55,4 фоизини, қайта ишлаш саноатининг улуши 38,5 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда асосий қисм ишлаб чиқариш саноатида – 79 фоиз, тоғ-кон саноатида – 13, 5 фоизга тўғри келади.

Ҳатто юқорида келтирилган юзаки таққос ҳам икки мамлакат ривожланиш даражасини категорик таққослашнинг нотўғрилиги ҳақида гапиришга асос бўла олади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, гап Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланиш натижаларининг аҳамияти камлиги ҳақида эмас, биринчи ўринда, икки мамлакат иқтисодиёти уларнинг таққос рақобатдош устунликлари асосида ривожланиб бораётгани ҳақида кетмоқда. Қозоғистон иқтисодиётининг ривожланиш хусусиятларини углеводородлар, металларнинг катта захиралари, ғаллачиликни ривожлантириш учун қулай шароитлар ва унни майдалаш саноати кабилар ташкил қилган бўлса, бу рўйхат Ўзбекистонда қуйидагича: муҳим кадрлар мавжудлиги, мева-сабзавотчилик, рангли металлургия, енгил саноатни ривожлантириш учун қулай шароит ва бошқалар.

Амалдаги сиёсатнинг қиёсий устунликларидан қанчалик самарали фойдаланилаётгани ва ривожлангани ҳақида гапирадиган бўлсак, унда Қозоғистонни ҳам мавжуд давлат ва хўжалик юритишнинг институционал тизими Ўзбекистонга қараганда самаралироқ, деб айта олмаймиз, Ўзбекистонни ҳам ресурслардан самаралироқ фойдаланмоқда, деб айта олмаймиз. Шуни таъкидлаш керакки, мустақилликни қўлга киритгандан сўнг давлат бошқарувининг самарали моделини яратиш жараёнлари Қозоғистонда, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам турли даражадаги муваффақиятлар билан давом этмоқда ва бугунги кунда ҳам Қозоғистоннинг ушбу соҳадаги ҳар қандай самарали ютуқлари ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Буни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим Жўмарт Тўқаевнинг жорий йил 1 сентябрдаги мурожаатномаси тасдиқлайди. Унинг доирасида давлат секторида ислоҳотлар эълон қилинди. Ўзбекистонда 2017 йилда бутун институционал тизимни кенг миқёсда ислоҳ қилиш бошланди, бу бугун ҳам давом этмоқда, у давлат ҳамда жамият бошқарувининг самарали механизмлари топилмагунча давом этади.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими мамлакат раҳбариятининг сиёсий йўналиши ва аҳоли ҳамда иқтисодиёт эҳтиёжлари асосида ўзгаришни давом эттирмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатни ҳаётнинг барча соҳаларини қисқа ва узоқ муддатли ривожлантириш учун 100 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Масалан, ўтган йилнинг ноябрь ойида қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Таққослаш учун, Қозоғистон ҳозирги кунда агросаноат мажмуасини ривожлантириш бўйича беш йиллик миллий лойиҳани ишлаб чиқмоқда, унинг доирасида Ўзбекистонда тасдиқланган кўрсаткичларга ўхшаш кўрсаткичлар белгиланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидлашни истардимки, юқори давлат лавозимини эгаллаган кишининг жиддий таҳлилларсиз, «ҳамкасблар билан мулоқот»га асосланган хулосаларини асосли, деб айтиб бўлмайди.

Баъзи йўналишларда Қозоғистон муайян чораларни кўради, кейинчалик у Ўзбекистонда амалга оширилади, баъзи йўналишларда эса Ўзбекистон Қозоғистонга қараганда тартибга солишнинг айрим воситалари ва механизмларини эртароқ жорий этади. Лекин шуни англаш керакки, муайян чоралар мамлакатлар ўртасида сиёсий ёки иқтисодий рақобат учун эмас, аҳоли фаровонлигини оширишга ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Шу нуқтаи назардан рақобат эмас, балки ҳамкорлик, саъй-ҳаракатларнинг синергиясини келтириб чиқарадиган ва иккала томон учун самарани кўпайтирадиган ҳамкорлик шаклларини излаш муҳимроқдир. Икки қардош халқнинг фойдаси учун ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқталарини излаш икки қўшни давлатларнинг ривожланиш динамикасини ўлчашдан кўра анча конструктив, самарали ва фойдалироқдир.

Рақобат эмас, ҳамкорлик

Ўлжас Тулеуов интервьюда шу ҳақда ҳам гапирди:

«Мен Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги минтақавий интеграциясида катта салоҳиятни кўрмоқдаман (Европа Иттифоқи ва, хусусан, Россия билан интеграция тўғрисида – таҳририят). Менимча, Қозоғистон бу йўналишда интеграцияни кучайтириши керак».

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, мавжуд иқтисодий манбалардаги фарқлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиёти рақобатдош бўлишдан кўра бир-бирини тўлдиради. Охирги йилларда, асосан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан ташқи сиёсатидаги ўзгаришлар туфайли бу ҳақиқат тобора равшанлашиб бормоқда. 2017–2019 йиллар мобайнида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошди. 2016 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ҳажми 1,9 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда у 77 фоизга ўсиб, 3,4 миллиард долларга етди; 2016 йилда Қозоғистон билан савдо улуши Ўзбекистон ташқи савдо ҳажмида 7,8 фоизни, 2019 йилда эса 8 фоизни ташкил этди.

Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, республиканинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаши 2016 йилда 3,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 5,3 миллиард долларга етди ва 72 фоизга ўсди. Энг катта ўсиш Қирғизистон ва Ўзбекистон билан савдо-сотиқда қайд этилди. Қозоғистон экспортининг умумий ҳажмида 2019 йилда Ўзбекистонга экспорт улуши 3,4 фоизни ташкил этди (2016 йилда 2,5 фоиз эди); бу улуш импортда 2019 йилда 3,6 фоизга етди (2016 йилда 2,3 фоиз эди).

2019 йилда сармоявий ҳамкорликда Қозоғистондан Ўзбекистонга инвестицияларнинг сезиларли даражада ўсиши кузатилмоқда (2017 йилга нисбатан 23 баравар кўп). Ушбу инвестицияларнинг диверсификацияси ҳам қайд этилди. Бу кўрсаткичлар нисбатан қисқа вақт ичида эришилган натижаларни намойиш этади. Сўнгги йилларда сармоявий ҳамкорлик ва кооперация соҳасида икки иқтисодиётнинг рақобатдош устунликларини бирлаштиришда сифат ўзгариши юз берди. Бундай ҳамкорликнинг ёрқин мисоллари мавжуд. Масалан, ўзбек автомобиллари Қозоғистон ҳудудида йиғилади, Ўзбекистонда Қозоғистон банкининг филиали, KazakhExport ваколатхонаси очилди, товарларнинг чегарада ҳаракатланиши осонлаштирилди ва бошқа қулайликлар яратилди.

Бироқ иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш салоҳияти жуда катта бўлиб қолмоқда ва томонлар уни амалга оширишга интилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий тадбирлар режаси реализация қилинмоқда. Сайёҳлик ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилмоқда, хусусан, Silk Visa ягона визасини жорий этиш, Туркистон ва Чимкентни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари билан боғловчи тезюрар темирйўл ишга туширилиши кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг энг истиқболли қўшма лойиҳаларидан бири «Марказий Осиё» халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини очишдир. Унинг доирасида товар айрибошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Бу кўрсаткичга бу йил эришилишига коронавирус пандемияси тўсқинлик қилди. Келажакда мамлакатлар ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.

Хулоса ўрнида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари охирги йиллардаги икки томонлама муносабатларнинг динамикасига қараб, ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўналтирилган сиёсатнинг асосий оқимида конструктив мулоқот орқали ҳар қандай қарама-қаршиликларни ёки келишмовчиликларни олиб ташлаб, рақобат борасида ахборот маконидаги иштиёқларга эътибор бермасликларини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ахир ҳамкорликка эътибор ҳар икки мамлакатнинг ривожланишини тезлаштиришга ёрдам беради.

Одил Олимжонов,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

loading...