Қирғизистонда рус тилининг расмий тил мақоми сақлаб қолинадиган бўлди

0

Қирғизистонда рус тилининг расмий тил мақоми сақлаб қолинадиган бўлди. «24.кг»нинг хабар беришича, Бу ҳақда Конституциявий кенгаш «Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари» шўъбаси раҳбари Нурлан Шебипов 27 ноябрь куни бўлиб ўтган онлайн брифингида маълум қилди.

«Рус тили расмий тил бўлиб қолади. Конституциявий йиғилишда қирғиз тили давлат тили, рус тили расмий тил сифатида тасдиқланди», — деган у. Шунингдек , инглиз тилига расмий мақом бериш таклифлари ҳам бўлгани, аммо бу ғоядан воз кечилганлигини билдирган.

Қирғизистон президентлигига номзод Садир Жапаров рус тилининг мақоми ўзгармаслиги керак, деб ҳисоблайди. «Рус тили — БМТ минбарида ишлатиладиган олтита тиллардан бири. Бундан ташқари, бу халқларни бирлаштирадиган ва биз асрлар давомида ишлатиб келаётган тил. Евросиё давлатлари билан муносабатларда ва алоқаларда рус тилисиз иложи йўқ. Шунинг учун рус тили мамлакатимизда, албатта,  расмий тил бўлиб қолиши шарт», — деб ёзган у Facebook’да.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Конституциявий кенгаши аъзоси Садирдин Тўралиев мамлакатда рус тилининг расмий мақомини бекор қилиш таклифи билан чиққанди. Бунга Қирғизистон ёшлари ўз она тилида гаплашмай қўйганини сабаб қилиб кўрсатган.

Қирғизистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда руслар миллат вакиллари сони бўйича республикадаги қирғизлар ва ўзбеклардан кейин учинчи ўринда туради. 6,5 миллион аҳолининг 344 мингдан ортиғи руслардир.

loading...