2 қаватдан юқори шахсий уйлар қурилишида қурилиш инспекцияси назорати ўрнатилади

0
Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан бошлаб, 2 қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, хусусан якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши ҳудудий қурилиш инспекциялари назоратига олинади. Бундай объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилиши талаб этилади.

Бу – қурилиш тармоғини модернизация қилишнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган. Стратегия 27 ноябрь куни президент фармони билан тасдиқланди.

Якка тартибдаги уй-жой қурилиши соҳасини тартибга солишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланади. Ҳужжатда сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Қуйидагилар тақиқланади:
Қурилиш-монтаж ишлари асосий фаолият тури бўлган ташкилотлардан ташқари, бошқа уй қурувчиларнинг жисмоний ва юридик шахсларга мустақил равишда (хўжалик усулида), қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриши ҳамда реконструкция қилиши;
аҳоли пунктлари ҳудудларининг функционал зоналарида жойлашган, бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;
лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);
ўзгартирилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан қурилаётган бино ва иншоотларнинг қаватлари сонини (лойиҳа ҳужжатларини ўзгартириш йўли билан) кўпайтириш.
Лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилоти томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги «Эксперт хулосаларининг ягона реестри»га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади. Давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.
zamin.uz
loading...