Францияда ўқитувчига ўлдириш билан таҳдид қилган эркак қамалди

0

Францияда лицей ўқитувчисини ўлдириш билан таҳдид қилган эркак бир ярим йилга қамалди. Бу ҳақда Ницца шаҳри прокуратурасига асосланиб Le Figaro нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, у ижтимоий тармоқлар орқали ўқитувчига таҳдид қилган. Судда эса бунинг ҳазил эканлигини айтиб ўзини оқлашга уринган.

Маълум қилинишича, у ижтимоий тармоқларда ўқувчилари имтиҳонларда фирибгарлик қилганлиги учун улардан изоҳ талаб қилган ўқитувчи тўғрисидаги хабарни ўқиган. Шундан сўнг у ўқитувчининг бошқа ижтимоий тармоқдаги аккаунтини излаб топган ва уни ўлдириш билан таҳдид қилган.

Ўқитувчининг адвокати таъкидлашича, унинг мижози ушбу таҳдиддан сўнг икки ҳафта оғир руҳий ҳолатда бўлган ва ишга бормай қўйган.

Қонун бўйича судланувчига етти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган.

loading...