Каратэ федерациясидаги носоғлом муҳит сабаб 60 нафар спортчи Ўзбекистон кубогида қатнаша олмади

0

21–23 ноябр кунлари Урганч шаҳрида каратэ WKF бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кўра, кубокда қатнашиш учун Тошкент шаҳридан борган 60 нафар спортчига турнирда қатнашишга рухсат берилмаган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади. Вазирлик хабарига кўра, тизимнинг мазкур мусобақага алоқадор барча ходимлари интизомий жазога тортилади.

Расмий изоҳда айтилишича, Спорт вазирлигининг 2020 йилги мусобақалар режасида каратэ WKF бўйича катталар, ёшлар, ўсмирлар ва болалар ўртасида Ўзбекистон кубогини ўтказиш белгиланган.

26 октябр куни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев шу йил ушбу мусобақани 21–23 ноябр кунлари Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ўтказишни сўраб, вазирлик тизимидаги Спорт якка курашлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактабига мурожаат қилган.

Аламжон Муллаев / Фото: Халқаро самбо федерацияси

Аммо, 2 ноябр куни ушбу мактабга Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти Нурхон Нафасов ҳам мурожаат қилиб, суднинг 20 октябрдаги қарорига асосан, федерация президенти лавозимига тикланганини маълум қилган. Федерациянинг янги раҳбари Ўзбекистон кубоги баҳсларини 19–22 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича амалий ёрдам сўраган.

Нурхон Нафасов / Фото: Миллий олимпия қўмитаси

«Ҳолат юзасидан 10 ноябр куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Унда вазирлик ва федерация раҳбарияти, мураббийлар ҳамда спортчилар қатнашди. Йиғилиш қарорига асосан, федерацияда юзага келган келишмовчилик, тарафкашлик ҳолатларини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон кубоги баҳсларини ўтказиш ва раҳбарлик қилиш Спорт якка курашлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби зиммасига юкланди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2020 йил 13 ноябрдаги 1367-сонли буйруғига асосан, каратэ WKF бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги 2123 ноябр кунлари Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ўтказилиши белгиланди», – дейилади расмий ахборотда.

Қайд этилишича, мусобақа низомига асосан, ҳар бир ҳудуддан битта терма жамоа белгиланган муддатда ҳудудий Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда ҳудудий Каратэ миллий федерациялари томонидан тасдиқланган талабномалар асосида Ўзбекистон кубогида иштирок этишига рухсат берилган.

Бироқ Ўзбекистон каратэ федерациясида юзага келган носоғлом муҳит сабабли низом талабларига риоя этмасдан, мусобақа ташкилий қўмитасига белгиланган талабномани тақдим этмасдан, Тошкент шаҳридан иккинчи жамоа Хоразм вилоятига борган.

Мусобақа ташкилий қўмитаси Тошкент шаҳрининг иккинчи жамоаси аъзоларига Ўзбекистон кубоги баҳсларида иштирок этишга рухсат бермаган.

Ўзбекистон кубоги иштирокчилари ката ва кумите йўналишларида баҳслашди.
Фото: Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси

«Мазкур ҳолат Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ҳамда шундай қарорга келинди:

– ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини сўндириши, ишончсизлик кайфиятини юзага чиқариши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, бу каби ҳолатларнинг қайта такрорланмаслиги учун вазирлик тизимидаги мазкур мусобақага алоқадор барча ходимларга нисбатан интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланди.

Ўзбекистон каратэ миллий федерация раҳбарияти билан эса керакли тушунтириш ишлари олиб борилди», – деб маълум қилмоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.

kun.uz

loading...