Тошкент вилоятида уй қамоғидаги шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқарди

0

Ўзбекистон Олий судида 30 ноябрь куни бўлиб ўтган конференцияда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева судьяларнинг жиноий унсурлар билан киришиб кетиш ҳолатлари учраб турганини айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» нашри.

Умида Тўхташеванинг маълум қилишича, агентлик томонидан суд тизимида содир этилаётган коррупцион хатти-ҳаракатлар таҳлил қилинганида, судьяларнинг жиноий унсурлар билан киришиб кетиши, бошқача қилиб айтганда, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.

«Масалан, 2020 йил май ойида Тошкент вилояти шаҳарларидан бирининг судьялари Л.Н ва Р.О. карантин қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда, жиноий унсурлар вакили, бир неча марта судланган Д.Н.нинг туғилган кунини нишонлаш учун кафеда 100 нафардан ортиқ шахс иштирокида ташкил этилган зиёфатга борган. Эътиборлиси – судьялар Д.Н.нинг ўша вақтда навбатдаги жинояти учун озодликни чеклаш жазосини ўтаётганлигидан хабардор бўлган. Ачинарлиси, мазкур судья маҳкум Д.Н.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уни озодликка чиқарган», – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари.

Айтилишича, агентлик ташкил этилганидан буён фуқаролардан йўллаган мурожаатларнинг энг кўп қисми, яъни 20 фоизи суд қарорлари юзасидан келиб тушган.

«Умуман, бу рақам ва мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, ҳали бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз етарлича эмас ва бунда фақатгина Олий суд ёки Судьялар олий кенгаши ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эмас, балки бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, парламентимиз, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ишлашимизга тўғри келади», – деди Умида Тўхташева.

loading...