Азиз Абдуҳакимов ва Леонид Маринич Бўстонлиқ ва Зомин туманларида эко-уйлар қурилишини муҳокама қилди

0

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич билан учрашди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, учрашувда томонлар Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек, Беларусь компанияларининг Бўстонлиқ ва Зомин туманларида эко-уйлар қуриш имкониятларига оид масалаларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида икки томонлама туризмни ривожлантиришга доир ҳукуматлараро келишув тайёрланмоқда.

Мазкур келишув жорий йилнинг 16-18 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши доирасида имзоланиши режалаштирилган.

Келишув икки томонлама туристик салоҳиятни тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистондан Беларусга ва Беларусдан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилишга йўналтирилади. Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг тоғ-чанғи курортларини тарғиб қилишга ҳамда мамлакатимизнинг инвестицион лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

uzbektourism.uz

loading...