Бюронинг вазифалари бошқа идора ва ташкилотлар зиммасига юклатилмаган!

0

Жорий йилнинг 01 декабрь куни ижтимоий тармоларнинг бирига “Маҳалла раиси ва нозири алимент ва маъмурий қарзларни ундириши керак экан. Бу МИБнинг вазифаси эмаcми?” номли маълумот жойлаштирилган.
Хабарда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидаги жойларда фаолият кўрсатиб келаётган маҳалла фуқаролар раиси ҳамда бошқа ходимларига уйма-уй юриб, ўз ҳудудида яшовчи алимент ва маъмурий жарималардан қарздор фуқаролардан тўлов ундириш талаб этилаётгани баён қилинган. Аммо бу асоссиз. Чунки МИБ ўзини-ўзи бошқариш органлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар бўйича ҳамкорлик қилади, холос.
Улар қуйидагилар:
– жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ҳудудларни санитар тозалаш ва чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш;
– суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлашда – агар чақирув қоғози ёки хабарномани тегишли шахс ёки унинг оила аъзоларига етказишда, уларнинг йўқлиги маълум бўлган ҳолларда, шунингдек чақирилувчи шахснинг қаерга кетганлиги ва қачон келиши ҳақидаги маълумотни етказиш каби ишларни олиб боришда ҳамкорлик қилади.
Бундан ташқари, Бюро давлат ижрочилари ўз зиммасидаги вазифаларни бажаришда давлат органлари, кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, ўз ваколатлари доирасидаги талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча органлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Мажбурий ижро бюроси – жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлашдаги иштирокини муҳим деб ҳисоблайди ҳамда ҳамкорлик ишларини давом эттиради.
Бироқ, жойлардаги туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари суд ва бошқа орган қарорларининг ижросини таъминлаш ҳамда алимент, жарима ва бошқа турдаги ижро ҳаракатларини амалга оширишга жалб этилмайди.

loading...