Ногиронлиги бўлган шахслар — жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари

0

Мамлакатимизда ҳар йили 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни кенг миқёсда нишонланиб келинади. Ушбу санада Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 730 минг нафарга яқин ногиронлиги бор инсонлар ҳолидан хабар олиниб, совғалар улашилади ва ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватланади.

 

Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47-сессиясида ҳамда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида байрам сифатида белгилаб қўйилган. Анъанага мувофиқ бу йил ҳам мамлакатимиз бўйлаб ушбу сана муносабати билан турли хайрия акциялари ва байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Таъкидлаш жоизки, уларнинг барчаси айни вазият “COVID-19” инфекцияси туфайли ўрнатилган карантин тартибларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилмоқда.

 

Аслини олганда юртимизда кексалар, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсларга нафақат Халқаро ногиронлар кунида эътибор кўрсатилади, балки, улар давлат ва жамиятимизнинг доимий ғамхўрлиги остида умргузаронлик қилади. Айниқса, кейинги йилларда уларга муносабат тубдан ўзгарди ва ижтимоий муҳофазаси янада мустаҳкамланди.

 

Хусусан, 2016 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерларнинг реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланиши 12,0 минг донани ташкил қилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсатгич сал кам 39,0 мингтага етиб, 3 мартага кўпайди. 2019 йил давомида ҳам ушбу ижобий динамика сақланиб, қарийб 47,0 мингта реабилитация техник воситаси ва протез-ортопедия буюмларининг муҳтож шахсларга етказилиши таъминланди.

 

2016-2018 йилларда бепул тарзда санаторияларда соғломлаштирилган уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони 36,0 мингдан 40,0 мингтага етди, 2019 йилда эса 43,0 минг нафардан зиёд имтиёзга эга фуқаролар бепул соғломлаштирилди.

 

— Жорий йилнинг октябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талаблари ва халқаро стандартлар асосида, “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланиланишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни тасдиқланди, у келгуси йилнинг бошида кучга киради, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Алишер ИНАКОВ. — Бу ҳам имконияти чекланган шахсларга нисбатан муносабатнинг янада яхшиланаётганини кўрсатади.
2020 йилда белгиланган карантин тартиблари ва чекловлар доирасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш давом эттирилди. Жумладан, ногиронлиги мавжуд ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар 25,3 минг дона протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланди. Шунингдек, 12,8 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация ва протезлаш марказларида тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация ёрдам чоралари кўрсатилди, 19,8 минг нафар уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бепул санатор соғломлаштирилди.

 

Албатта, бундай чора-тадбирлар халқимиз орасидаги имконияти чекланган инсонларнинг ўз ҳаётидан рози ҳолда, фаровон турмуш кечиришларига замин яратмоқда. Уларга кўрсатилаётган меҳр-мурувват, ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлашлар халқимиз ва давлатимизнинг нақадар бағрикенг, инсонпарвар эканлигини яна бир бор исботламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...