Коронавирус антитаналари: Қачон шаклланади ва қанчагача ҳимоя қила олади?

0
Фото: Freepik
2020 йилда энг долзарб ва ёш-у қарини ўйга солган саволлар коронавирус билан боғлиқ. Бутун дунё аҳолисини COVID-19 вакцинаси ва касалланганларда антитаналар қайта касалланмасликдан ҳимоя қилиши мумкин ёки йўқлиги билан боғлиқ маълумотлар қизиқтираётгани ҳам янгилик эмас. Олим ва мутахассислар аниқ бир тўхтамга келмагани билан эҳтимоли юқори бўлган маълумотлар йўқ эмас ва улар ҳақида билиб қўйиш зарар қилмайди.

COVID-19 иммунитети қанча вақт мавжуд бўлади?
ЖССТ маълумотларига қараганда, коронавирус юқтирганларнинг 80 фоизида касаллик енгил ёки симптомсиз ўтган, аммо бу антитаналар ишлаб чиқарилишига таъсир қилмаган. 2020 йилнинг баҳорида шифокорлар организмда иммунитет пайдо бўлиш ёки йўқлиги ҳақида бир нарса деёлмаган бўлса, куз фаслига келиб антитаналар бўлиши ва касалликдан кейин ишлаб чиқарилиши аниқ бўлган. Аммо қанча муддат сақланади, деган саволга аниқ бир жавоб бериб бўлмайди.

Чунки бу бир неча омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биринчидан, 75 ёшдан юқори бўлган кишиларда антитаналар концентрацияси ёшларга қараганда тезроқ камаяди. Иккинчи омил эса касалликнинг оғирлиги билан боғлиқ. Масалан, коронавирус билан касалланган шифокорларда антитаналар концентрацияси секин камайган ва бунга уларнинг фаолияти давомида доимий равишда янги вирус порцияси билан «озиқлангани» сабаб бўлиши мумкин.

Гарвард тиббиёт мактаби ва Торонто университети олимлари ҳамкорликда ўтказган тадқиқотларда аниқланишича, антитаналарнинг энг кўп концентрацияси вирус билан зарарлангандан кейинги 2-4 ҳафта давомида ишлаб чиқарилади ва тахминан 4 ой ҳимоя қилиши мумкин.

Касалланганларнинг барчасида иммунитет шаклланадими?
Бу борада ҳам аниқ бир маълумот айтиш қийин, лекин баъзи тадқиқот натижаларига кўра ҳаммада ҳам иммунитет шаклланавермайди, деган хулосага келиш мумкин. Масалан, германиялик мутахассислар ўтказган тадқиқотда коронавирусга хос симптомлар кузатилган кўнгиллилар иштирок этган бўлишига қарамай, иштирокчиларнинг тўртдан бир қисмида антитаналар аниқланмаган.

Коронавирус билан қайта касалланиш мумкинми?
Қайта касалланиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас, аммо бу биринчи ёки иккинчи ташхис нотўғри қўйилгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Сиз коронавирус билан зарарланган ва антитаналар пайдо бўлганига қарамай, эҳтиёт чоралари кўриш кераклигини унутманг.

Ҳужайрали иммунитет нима?
Вирус билан курашишда антитана ва Т-ҳужайралар (Т-лимфоцитлар) иштирок этади. Т-лимфоцитларнинг умри узоқроқ экани сабаб сўнгги тадқиқотларга кўра, коронавирусга иммунитет шаклланишида мазкур ҳужайраларнинг роли антитаналардан кўпроқ деб хулоса қилиш мумкин. Шунингдек, олимларнинг аввалги шамоллаш ва бошқа вирусли касалликлардан кейин организмда пайдо бўлган Т-лимфоцитлар коронавирусдан қисман ҳимоялаши мумкин, деган тахминлари ҳам йўқ эмас. Табиийки, у касалликдан буткул ҳимоя қила олмайди, аммо касалликнинг енгил кечиши ва тез соғайиш имконини бериши мумкин.

Коронавирус билан касалланмаганларда ҳам иммунитет бўлиши мумкинми?
Бўлиши мумкин, лекин бу сиз ўйлагандек қувонарли ҳолат эмас. Гап шундаки, нафақат вируснинг ўзи, балки организмнинг кучли иммун жавоби ҳам жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Бу ҳали фанда аниқ исботланмаган бўлса ҳам, олимлар аввалги вирусли инфекцион касалликларга жавоб тарзида организмда шаклланган Т-ҳужайралар организмнинг иммун реакциясини тезлаштириб юборадиган ва жиддий асоратларга сабаб бўладиган триггер бўлиши мумкин, деб тахмин қилган.

loading...