Озарбайжон пандемияга қарши хорижий ёрдамларсиз курашди – Илҳом Алиев

0

Озарбайжон коронавирусга қарши курашишда ҳеч бир давлатдан ёрдам олмаган. Аксинча, бошқа давлатларга, жумладан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига 10 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам маблағларини киритган. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев кеча, 3 декабрь куни Нью-Йоркда ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасидаги COVID-19 га қарши курашга бағишланган махсус сессиясида гапирган.

Президент Алиев пандемия даврида Озарбайжонда вирус тарқалишини тўхтатиш учун кўрилган чоралар ҳақида сўз очиб, улар ўз ўрнида, тўғри бажарилганини таъкидлади.

“Озарбайжонда вирус тарқалишини тўхтатиш учун ўз вақтида ва зарур профилактик ишлар олиб борилди. Биз COVID-19 билан боғлиқ вазиятга жавобан тегишли чораларни кўрдик. Бугунги кунда коронавирус билан касалланган беморлар мамлакатимиздаги 46 та давлат шифохоналарида даволанмоқда. Пандемия бошланган пайтда бизда фақат 6 та функционал лаборатория мавжуд эди. Айни пайтда бизда 40 дан ортиқ операцион лабораториялар мавжуд”, дейди Алиев.

Озарбайжон Президенти сўзида давом этар экан, мамлакат пандемияга қарши курашда хориждан ҳеч қандай молиявий ёрдам жалб қилинмаганини таъкидлаб, аҳолининг қарийб тенг ярми ижтимоий қўллаб-қувватланганини айтди.

“Пандемиянинг салбий оқибатларига қарши курашиш учун ҳукумат 2,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги ижтимоий-иқтисодий ва молиявий ёрдам пакетини тақдим этди. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари қарийб 5 миллион кишини қамраб олди, бу мамлакатимиз аҳолисининг ярми дегани. Пандемияга қарши курашни молиялаштириш фақат маҳаллий манбалардан, ҳеч қандай хорижий молиявий ёрдамларсиз амалга оширилди”, дейди Президент.

Илҳом Алиев сўзи давомида Пандемия бошланганидан буён Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб келаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Озарбайжон 30 дан ортиқ мамлакатларга гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатганини таъкидлади.

“Энди бутун дунё пандемиянинг янги тўлқини билан дуч келмоқда. Пандемия бошланганидан буён Озарбайжон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан яқин алоқада бўлиб келмоқда. Дастлабки кунларда ташкилотнинг бизга юборган қимматли маслаҳатлари ва мутахассислари учун миннатдормиз. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемияга қарши курашда Озарбайжонни намуна сифатида тан олди. Биз ЖССТга 10 миллион АҚШ доллари миқдорида иккита ихтиёрий маблағ ажратдик. Шу билан бирга, ҳозирги кунга қадар Озарбайжон 30 дан ортиқ мамлакатларга гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатди”, дейди Илҳом Алиев.

Sof.uz

loading...