«Фарзанд асраб олиш учун 18 йилгача кутишга тўғри келади» — Танзила Норбоева

0

Ўзбекистонда фарзанд асраб олиш ҳаракатларининг 10 фоизи белгиланган давлат ташкилотлари орқали, 90 фоизи эса ўзаро келишувлар асосида амалга оширилган.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 4 декабрдаги йиғилишида чақалоқ савдоси жинояти кўпайиб бораётгани муҳокама қилинди. Бу ҳақда Кун.уз нашри хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, қонуний тартибда фарзанд асраб олиш жараёнидаги бюрократия ва бошқа тўсиқлар чақалоқ савдосининг авж олаётганига сабаб бўлмоқда.

Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан жорий йилнинг январ-август ойларида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларнинг 2747 нафари фарзандликка, 3954 нафари васийликка, 1534 нафари ҳомийликка, 288 нафари патронатга берилган.

Меҳрибонлик уйлари, гўдаклар уйлари, болалар шаҳарчалари орқали эса бир йилда ўртача 220-230 нафар бола фарзандликка берилади.

Мамлакатда фарзанд асраб олишга бўлган талаб юқори. Чунки биз болажон халқмиз. Аммо ҳозирги ҳолатда фарзанд асраб олмоқчи бўлганлар ўртача 18 йил навбат кутишга тўғри келади.

Республикада амалдаги фарзандликка олиш тартиби жуда мураккаб. Қоғозбозлик амалиётлари жуда ҳам кўп. Шаффофлик йўқ. Навбат қачон келишини билиб бўлмайди. Навбатнинг электрон тизими шакллантирилмаган. Бу эса мавжуд тартибни айланиб ўтишга, коррупцион муносабатларнинг шаклланишига, чақалоқ савдосининг кўпайишига олиб келади», – деди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева.

loading...