Москва аҳолиси вакцина қабул қилиш учун рўйхатдан ўтишни бошлади

0

2 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда коронавирусга қарши эмлашни бошлашга буйруқ берганди. Унга кўра, Россияда аҳоли келаётган ҳафтадан ихтиёрий равишда вакцина қабул қилишни бошлайди.

4 декабрь куни Москванинг коронавирусни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган аҳолиси, хусусан, тиббиёт соҳаси вакиллари эмланиш учун рўйхатдан ўтишни бошладилар.

Россиялик олимлар томонидан ишлаб чиқилган ва дунёдаги илк рўйхатдан ўтказилган вакцина Sputnik V одамларни коронавирусдан ҳимоялашда 92 фоизли натижа кўрсатган. Ушбу вакцина икки марта эмлаш орқали одам организмига киритилади.

Москва мэри Сергей Собяниннинг шахсий веб-саҳифасида маълум қилинишича, коронавирус хавфи юқори бўлган касбларда ишлаётган ва 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган москваликлар онлайн рўйхатдан ўтиш хизматидан фойдаланишлари мумкин. Ушбу вакцинация бепул амалга оширилади.

“Онлайн рўйхатдан ўтиш хизмати иш бошлаганидан уч соат ўтиб 5000 дан зиёд одам рўйхатдан ўтказилиб бўлинди. Улар ўз ҳаётларини хавф остига қўяётган ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа ижтимоий соҳа ходимларидир. Қолган Москва аҳолиси учун бепул эмлаш кейинроқ амалга оширилади» дейилади веб-сайтда.

Москванинг жами қарийб 13 миллион аҳолиси бор.

Россиянинг CОVID-19 га қарши иккинчи вакцинаси EpiVacCorona нинг кенг миқёсдаги синовлари 30 ноябрда бошланган.

tarjumon.uz

loading...