Афғонистонда қуролланган шахслар телевидения мухбирини отиб ўлдиришди

0

Расмий маълумотларга кўра, Афғонистонда қуролланган шахслар 10 декабрь куни эрталаб телемухбирни отиб ўлдиришган. Афғонистон ҳукуматининг матбуот котиби Атоулло Хогянининг маълум қилишича, Нангарҳар провинсиясида қуролланган шахслар мухбир Малала Майванднинг машинасига ўқ узишган.

“UNAMA бугун Афғонистонда инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Малала Майвандининг ўлдирилганини қоралайди. Бу қотиллик айнан бугун, яъни, халқаро ҳуқуқларни ҳимоя қилиш кунида юз бергани билан ҳам эътиборни жалб қилади” дейди UNAMА ахборот агентлиги.

Малала Майванди телевидения ва радиода ишлашдан ташқари Афғонистондаги аёллар ва болалар ҳуқуқи учун курашган фаоллардан бири ҳамдир.

Ҳозирча ушбу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ. Аммо, мазкур  воқеа содир бўлган Нангарҳар провинсиясида ИШИДнинг Афғонистондаги филиалининг бош қароргоҳи жойлашган бўлиб, у яқин кунларда мамлакат бўйлаб фуқароларга уюштирилган ҳужумларни ўзи уюштирганини тан олган. Шунингдек, Афғонистон шарқида Толибон ҳам ҳужумлар уюштириб туради.

Афғонистонда ўтган ойда ҳам иккита журналист портлатиб юборилганди. ”Чегара билмас мухбирлар” деб аталган матбуот ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот Афғонистонни журналистлар учун энг хатарли мамлакатлар қаторига қўшган.

loading...