Бинямин Нетаняху Исроилда биринчи бўлиб коронавирусга қарши эмланди

0

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва соғлиқни сақлаш вазири Юлий Эделштейн 19 декабрда Исроилда биринчи бўлиб коронавирусга қарши эмланишди.

The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, Нетаняху буни “Исроил учун катта кун” деб атаган. У айнан вакцина коронавирусни енгишга имкон беришини айтган ва ҳамюртларини ҳам ундан ўрнак олишга чақирган.

Бош вазирга Рамат-Ган шаҳрида жойлашган “Тел ха-Шомер” госпиталида Pfizer компаниясининг вакцинаси киритилган. Эмлаш жараёни бош вазир аҳолини эмланишга ундаш мақсадида камералар олдида жонли эфирда олиб борилган.

“Мен барчангизни эмланишдан ўтишга ундаш учун дастлаб вакцинани менга ва соғлиқни сақлаш вазирига киритишни сўрадим”, деб айтган Нетаняху. У декабр охиригача Исроилга миллионлаб доза вакцина етказилишини қўшимча қилган.

Сўровномаларнинг кўрсатишича, исроилликларнинг аксарияти коронавирусга қарши вакциналарга ишонқирамай қарашмоқда. Шу сабабли мамлакат раҳбарлари фуқароларни эмланишга ундашга ҳаракат қилишмоқда.

Аввалроқ Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда 20 декабрда эмлашнинг биринчи босқичи бошланишини, унинг давомида вакциналар 10та шифохона ва тиббий марказга ходимларни эмлаш учун етказилишини маълум қилганди.

20 декабрда вакцинанинг биринчи дозасини Исроил президенти Реувен Ривлин олиши кутилмоқда.

13 ноябрда Нетаняху Исроил Pfizer компанияси билан 8 млн доза вакцина етказилишига келишиб олганини маълум қилганди. Шунингдек, июнда Исроил Moderna компанияси билан вакцина сотиб олишга шартнома тузган. Бундан ташқари, Ал-Қудсдаги “Хадасса” тиббий маркази ноябр бошида Россиянинг “Спутник V” вакцинасидан 1,5 млн доза буюртиргани маълум қилинган.

kun.uz

loading...