Истанбул афсоналари: Босфор, Қиз минораси, Долмабохче саройи…

0

Истанбул — икки қитъада жойлашган дунёдаги ягона шаҳарлиги, маданий ёдгорликларга бойлиги, хушманзара соҳиллари билан машҳур. Унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган қалъалари, муҳташам саройлари гўзаллигидан нафақат қуруқликда балки сувда саёҳат қилиб ҳам баҳраманд бўлиш мумкин.
Истанбулнинг яна бир мўъжизаларидан бири бу, Осиё ва Европанинг денгиз чегараси бўлмиш Босфордир. Айнан Босфорда кемада сузиб, Истанбулнинг қуруқликда кўз илғамайдиган гўзаллигини кўпроқ ва кенгроқ кўриш мумкин.

Қурилишига 14 тонна олтин ишлатилган Долмабохче саройи

Босфор сувларидан янада муҳташам кўринадиган диққатга сазовор жойлардан бири бу Долмабахче саройи ҳисобланади. Бугунги кунда сарой жойлашган ҳудуд XVII асрга қадар кўрфаз бўлиб, ундан табиий денгиз порти сифатида фойдаланилган. XV асрда Константинополнинг қамали даврида Султон Меҳмет II сувдан кемаларни кўтариб, қуруқликдан Олтин шох кўрфази томонга олиб чиқарган, дейишади. Долмабахче Осиё ва Европа меъморчилигини ўзида мужассам этган, ўзига хос меъморий услубда қурилган бўлиб, 1843-1856 йилларда қуриб битказилган.
Лойиҳа муаллифи султон Абдулмажеднинг меъморларидан бири Карапет Бальян.
Майдони 250.000 м2 бўлган Босфор бўғози қирғоқларида қад ростлаган сарой Усмоний султонларга маъқул бўлиб, секин-аста Топқопи саройидан Долмабахчега кўчиб ўтишган. Уч қаватли саройнинг 285 хонаси ва 43 та зали мавжуд бўлиб, катта меҳмонхонаси 56 та устун ва 750 та чироқлар билан безатилган, саройнинг богем шишасидан ясалган 4,5 тонналик қандилини Англия қироличаси Виктория туҳфа қилган. Долмабохче саройининг биллур зиналари ва бошқа жиҳозлари учун 14 тонна олтин ишлатилган. Саройнинг ички жиҳозлари: гиламлар, пардалар, мебеллар бугунги кунгача бутунлигича сақанган. Дунё саройларининг энг катта банкет зали ҳам Долмабахчеда.
1856 йилдан бошлаб саройда 6 нафар ҳукмдор: Султон Абдулмажид, Султон Абдулазиз, Султон Мурод V, Султон Абдулҳамид II, Султон Меҳмед Решад V, Султон Меҳмед Воҳиддин VI ва сўнгги Ҳалифа Абдулмежидлар яшаган.

Қиз минораси

Босфор бўғозидаги кичик оролида жойлашган Қиз минораси Истанбул рамзларидан бири ҳисобланади.
Ушбу минора ҳақида турли афосонлар мавжуд бўлиб, улардан бирига кўра, эрамиздан аввалги 411 йилда Афина ва Спарта ўртасидаги жангларидан сўнг, Босфор бўғозида солиқлар ва божхона назоратини ўрнатиш учун қурилган. Бошқа ривоятга кўра, император Константин даврида мудофаа минораси сифатида қурилган. 1453 йили Константинополь фатҳ этилганидан сўнг ҳам минорага зарар етмаган.
Яна бир ривоятга кўра, тутқундаги севгилисини кўргани ҳар куни бўғозни сузиб ўтадиган йигит, бир куни маёқ ўчириб қўйилгани учун йўл тополмай денгизга чўкиб кетади. Тўлқинлар унинг жасадини қалъа қирғоғига олиб келиб ташлайди. Буни кўрган қиз минорага чиқиб ўзини ташлайди ва у ҳам чўкиб кетади.
Усмонийлар даврида қалъа маёқ сифатида, маълум муддат эса қамоқхона вазифасини ҳам ўтаган. Кейинчалик минора карантин изолятори, радиостанция сифатида ҳам ишлатилган. Ҳозирда минорада кафе ва ресторанлар фаолият юритади. Минорадан икки қитъада жойлашган Истанбул кафтдек намоён бўлиши билан ҳам сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Босфор кўприги

Ҳозирда “15 июль шаҳидлари кўприги” деб номланган Босфор кўприги Босфор бўғози устида қурилган илк осма кўприкдир. У Истанбулнинг Осиё ва Европа қисмини бирлаштириб туради. Кўприкнинг узунлиги 1560 метр бўлиб, эни 33 метр. Кўприкда пиёдалар юриши таъқиқланган, фақат автомобилда ҳаракатланишга рухсат берилган.

Ўртакўй жоме масжиди

Ўртакўй жоме масжиди Истанбулдаги энг қадимий масжид эмас лекин бежирмилиги, Босфор соҳилида, кўприк ёнида жойлашуви сабаб сайёҳларни жалб этади. Масжид Султон Абдул-Мажид I топшириғига кўра 1853-1854 йиллардан қуриб битказилган.

Истанбулга борсангиз, албатта, Босфор бўғозини кемада сайр этинг. Соҳилбўйидаги тарихий иншоотлар, бетакрор табиат манзараси, таптортмас чағалайлар сизга бир умрга етгулик таассурот ҳадя этиши аниқ

Дилфуза Собирова

loading...