ЖССТ маълумотларига кўра, коронавируснинг янги штамми, аввалгисидан фарқли ўлароқ, ёшлар орасида тезроқ тарқалиши мумкин

0

14 декабрь куни Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг янги штамми аниқлангани ва мамлакат ҳудудларида мингдан ортиқ касаллик юқиш ҳолатлари ҳақида хабар берди. Мамлакат Бош вазири Борис Жонсоннинг таъкидлашича, коронавируснинг ушбу генетик варианти одатдагисидан 70 фоиз кўпроқ юқумли бўлиши мумкин.

Шунингдек, янги штамм Дания, ЖАР, Германия, Нидерландия, Сингапур, Франция, Япония, Aвстралия, Швейцария, Испания, Италия, Швеция, Ливан, Исроил, Бразилия ва Малайзияда аниқланди.

Куни кеча коронавируснинг янги штамми Иордания ва Жанубий Кореяда ҳам аниқланганлиги маълум бўлди. Икки мамлакат расмийлари дастлабки касалланиш ҳолатлар пайдо бўлганлигини, илгари уларнинг барчаси Буюк Британияга ташриф буюришганини эълон қилишди. Уларнинг мулоқот доираси ўрганилмоқда. Афсуски, коронавируснинг янги мутацияга учраган шакли аниқланган мамлакатлар рўйхати ўсиб бормоқда.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Twitter даги ўз саҳифасида COVID-19 нинг янги штамми, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ёшроқ аҳоли вакиллари орасида тезроқ тарқалиши кузатилаётганини айтди. Унинг сўзларига қараганда, Буюк Британияда аниқланган янги коронавирус штамми балки оғир кечмас, аммо статистика шуни кўрсатмоқдаки, унинг болаларга юқиши анча осонроқ.

Лондондаги олимлар ҳам шундай маълумотларни тақдим этди. Лондон Империя коллежи профессори Нил Фергюсоннинг сўзларига кўра, олимлар нимага касаллик айнан ёшларга кўпроқ юқаётганини ҳали охиригача ўрганишгани йўқ, аммо буни статистик маълумотлар тасдиқламоқда. Унинг сўзларига кўра, тиббиёт ходимлари охирги вақтда 15 ёшгача бўлган болалар орасида коронавируснинг янги штаммини аввалги туридан кўра кўпроқ аниқламоқда. Шунингдек, COVID-19 «британия» штаммининг ягона хавфлиги — унинг юқумлилиги кучлироқ эканида. Коронавируснинг янги штамми тарқалиши туфайли баъзи давлатлар Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар билан транспорт алоқаларини чеклашди.

Эслатиб ўтамиз, 21 декабрдан 10 январга қадар Ўзбекистон Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Aвстрия, Aвстралия, Нидерландия ва ЖАР давлатлари билан халқаро, жумладан, кириш, чиқиш ва транзит йўналишларида парвозларни тўхтатиб қўйди. Ушбу қарор Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан COVID-19 нинг янги штамми аниқланганлиги ва ушбу мамлакатлардаги оғир эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Шунингдек, Россия 21 декабрдан Буюк Британия билан парвозларни бир ҳафтага тўхтатиб қўйди. 28 декабрдан Япония ҳам ўта юқумли бўлган коронавирус штамми тарқалишининг олдини олиш учун январь ойининг охиригача барча мамлакатлардан киришни тақиқлади.

Ўз навбатида, вирусологлар инфекциянинг янги туридан қўрқмасликка, аммо профилактика чораларини кўришга чақиришмоқда: маска тақиб юриш, ижтимоий масофани сақлаш ва одам кўп бўлган жойларга бормаслик лозим.

«Янги штаммнинг тарқалишига қарши курашиш учун одатдаги коронавирус инфекцияси билан бўлганидек санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилиш керак», – дейди тиббиёт фанлари доктори, Н.Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот марказининг вирусологи Виктор Зуев. Мутахассиснинг таъкидлашича, янги штаммнинг патогенлиги коронавируснинг дастлабки нусхасидан баланд эмас, шунинг учун касалликни юқтириб олмаслик учун ижтимоий масофани сақлаш ва ниқоб тақиб юриш асосий талаб бўлиб қолмоқда.

Aсосийси, янги штаммнинг антиген хусусиятлари ўзгармаган, шунинг учун унга нисбатан эмлаш самарадорлиги сақланиб қолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...