ҲИКОЯ: ЯНГИ ЙИЛ МАШМАШАСИ

0

Бердимурод кечки овқатга аёлига қайнатма шўрва тайинлаб, ўзи уч ҳовли нарида яшайдиган дўсти — Собирникига отланди. Кечга яқин ҳаво совий бошлагани учун қалин тўнини кийди. Икки ўғли ва қизи байрам дастурхонини безаш билан овора. У эшикдан чиқар-чиқмас, аёли гапириб қолди:

— Дадаси, дарров қайта қолинг-а?!

— Ҳа, ҳа, — бошини қимирлатди Бердимурод, — Янги йил билан табриклаб келмасам бўлмайди. Бораман-у қайтаман.

Дарвоза олдида дўстини кўрган Собир ҳам, аёли ҳам хурсанд бўлиб кутиб олди. Ширин тилак, яхши ниятлар айтилди. Сал ўтмай хонага гуриллаб қўшнилари кириб келди.

Бердимурод аҳил қўшнилар билан яна олди. Бир соатча ўтиб, қўшнилар қўярда-қўймай Собирни ҳам, Бердимуродни ҳам ўзлари билан олиб кетишди.

Ҳамма қизиғи ҳам, ёмони ҳам шу хонадонда юз берди. Куни билан югур-югурда бўлган Собир чарчаган эканми, ё ҳалиги савил ошиб кетдими бурчакдаги ёстиққа бош қўйди-ю ухлади-қолди. Меҳмондорчилик эса давом этар, давра қизигандан-қизиб борарди. Бу орада ҳовлида машина сигнали эшитилиб, хонадон эгасининг қўшни қишлоқдаги қудалари келиб қолди. Уй эгаси хурсанд, қудаларини қўшниларга, қўшниларни қудаларига таништираркан, зиёфат авжига чиқди. Зиралаб пиширилган димлама, қазили ош, қип-қизил жўжа кабоб билан тўрт-беш шиша ҳам думалаб қолди. Ким-кимнинг меҳмони экани билинмай, ҳар ким ёнида ўтирган одам билан улфат бўлди.

Ниҳоят, ярим тунда меҳмонлар қўзғалди. Бу пайтда тўрдаги икки-уч киши яхшигина хуррак отиб ухларди. Бутунлай маст бўлиб қолган Бердимуродга кимдир даҳлиздаги кийим илгичга илинган пальто билан телпакни кийгизди. У оёғини зўрға босар, қаёққа кетаётганини англай олмасди. Икки киши қўлтиғидан олиб, машинага ўтқизди. «Уйга машинада борарканман-да!» — деган ўй келди хаёлига ва яна пинакка кетди. Машина анча юргач, қандайдир ҳовли ёнида тўхтади.

— Янга, хўжайинингиз сал чарчабди, хавотир олманг, — шундай деб улфатлар жўнаб кетди. Деразадан эрининг пальтоси билан телпагини таниган аёл хотиржам болаларини ухлата бошлади.

Эрталаб боши оғриб уйғонган Бердимурод хонадаги жиҳозларни кўриб: «Собир мебелларини янгилабди-да», — деб қўйди. Уйдагиларга нима дейишини ўйлаб ётган эди, эшик очилиб кимдир келди-да, уни туртди:

— Ҳой дадаси, туринг энди! Пальто билан ухлаб қолибсиз…

Бердимурод нотаниш овозни эшитиб, аста ўша томонга бурилди. Уни кўриб аёл бақира бошлади:

— Кимсан?! Эрим қани?..

— Сиз кимсиз? — ранги оқариб сўради Бердимурод.

Аёл бўлса, борган сари авжи келиб бақирарди:

— Эрим қани?.. Устингдаги пальто билан телпак эримники-ку?!

Шундай деганча аёл югуриб чиқиб кетди.

Ташқарида оёқ товушлари эшитилди. Бердимурод қўрқа-писа ҳовлига чиқди. Бутунлай нотаниш жой. Қаерга келиб қолди? Кимнинг уйи бу ер? Шу пайт дарвоза очилиб ҳалиги аёл билан икки йигит кўринди:

— Сиз кимсиз? Бизнинг поччамиз Шукур ака қани?

Йигитларнинг важоҳати ёмон эди. Бердимурод ҳеч нарсани эслай олмасди. Бу чувалган масалага аёлнинг кейинги гапи ойдинлик киритгандай бўлди:

— Кеча дадаси қудамизникига кетганди…

— Қудангиз ким?..

— Нариги қишлоқдаги Толиб ака!

— Ҳа, эсладим, — пешонасини қашлади Бердимурод. — Олдин Собирникида ўтирдик, кейин Авазникида, кейин Толиб аканикига ўтгандик. У ерда ухлаб қолибман, кейин нима бўлганини билмайман…

* * *

Машинада кетишар экан, Бердимуроднинг боши эгилган эди. Йигитлардан бири шўхроқ экан, кулгидан тўхтамасди:

— Бу дейман, Янги йил байрами зўр бўлибди-да, дублёр почча?

— У нима деганингиз?..

— Шукур почча — ҳақиқий поччамиз. У киши бўлмаса, дублёр составдан сизни почча дерканмиз-да!

Машина ичи кулгига тўлди. Толиб аканикига келишганда уй эгаси, Шукур, Собир ўтиришганди.

— Бердимурод, қаёқларда юрибсан, болаларинг икки марта сўраб кетишди? Лекин айни вақтида келдинг-да, кечагидан қолган экан, шуни ҳам бирйўла енгиллатайлик, деб тургандик.

— Йўқ, йўқ, — деди Бердимурод бошини силкитиб. — Мана, пальтонг билан телпак. Тўнимни узатвор, уйга кетаман. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади, яна бир марта дублёр бўлгим йўқ.

Чунки энди Бердимуродни     уйида қандай томоша бўлиши  ўйлантираётганди…

loading...