Санкт-Петербургда ўзбекистонликлар иштирокида муштлашув содир бўлди. Муҳожирлардан бири шифохонага ётқизилди

0

Санкт-Петербургда шаҳарнинг Невский туманида бўлиб ўтган катта муштлашувнинг саккиз иштирокчиси ҳибсга олинган, улардан уч нафари Ўзбекистондан келган. Бир киши пичоқдан олган жароҳатлари билан касалхонага жойлаштирилган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилмоқда, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

Хабар беришича, ҳодиса 5 январь куни, тахминан, тунги соат 01:00 да Караваевская кўчасида содир бўлган. Воқеа жойига тезда етиб келган патруль полицияси жанжалнинг саккиз иштирокчисини, жумладан, 33 ёшли аёлни ҳибсга олган.

Ҳибсга олинганларнинг учтаси Россияда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддати тугаган Ўзбекистон фуқаролари, қолганлари Ленинград, Пенза, Воронеж ва Великий Новгородда яшовчи шахслар бўлган. Жанжалнинг тўққизинчи иштирокчиси – Ўзбекистон фуқароси пичоқдан олган жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Полиция маълумотларига кўра, можаро йўл-транспорт ҳодисаси туфайли юз берган.

Барча ҳибсга олинганларга нисбатан майда безорилик бўйича баённомалар тузилган. Уч киши Россияда бўлиш режимини бузганлик учун жавобгарликка тортилиши маълум қилинган.

Ҳозирда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда.

loading...