Трампнинг тарафдорлари Конгрессни эгаллаб олган кун тарихга кириши аниқ. АҚШда бундай ҳодиса аввал ҳам бўлганми?

0

2021 йил 6 январь куни амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари Конгресс палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтаётган Капитолий биносига бостириб кирди. Бу вақтда Вакиллар палатаси аъзолари баъзи республикачи конгрессменларнинг Аризонадаги президент сайловлари натижаларини тан олмаслик талаби юзасидан мунозаралар олиб бораётган эди, Аризонада сайловчилар демократлар Жо Байден ва Камала Харрисга овоз берган эди. Конгрессменлар, Капитолий ходимлари ва бинода бўлган журналистлар эвакуация қилинди, Трампнинг тарафдорлари эса мажлис залларини ва кабинетларни эгаллаб олиб, у ерларни ағдар-тўнтар қилди.

Бу АҚШ тарихидаги ноёб ҳодисадир, деб ёзади Meduza. Бундан аввал АҚШ Капитолийси 1814 йилда Англия—Америка уруши даврида тўлиқ кўламли ҳужумга учраган. Ўшанда Британия қўшинлари Вашинтонни босиб олиб, кўплаб ҳукумат биноларини, шу жумладан, Оқ уй ва Капитолийни ёқиб юборган эди.

Аммо ўшандан буён ҳам алоҳида шахслар ва одамлар гуруҳи бир неча марта конгрессменларга нисбатан ҳужум ёки теракт уюштирган ёки бунга уринган. Энг машҳур воқеа 1954 йилнинг мартида, АҚШ мустақиллиги тарафдори бўлган Пуэрто-Рико Националистик партиясининг беш аъзоси Вакиллар палатаси мажлислар залига бостириб кириб, автоматик қуролдан ўт очган, оқибатда беш конгрессмен яраланган эди. 1971 йил мартида Weather Underground радикал сўл ташкилот аъзолари Лаоснинг АҚШ авиацияси томонидан бомбардимон қилинишига норозилик белгиси сифатида Капитолийнинг биринчи қаватида бомба портлатган эди. 1998 йил июлида эса револьверли эркак Капитолий биносига бостириб кириб, икки нафар полиция офицерини отиб ташлаган эди.

2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин (ўшанда Капитолий террорчиларнинг нишонларидан бирига айланиши мумкин эди) АҚШнинг бошқа ҳукумат муассасаларидаги каби Капитолий биносида ҳам хавфсизлик чоралари сезиларли равишда кучайтирилди. Аммо 2021 йил 6 январида пандемия туфайли Конгресс биносида ходимлар, шу жумладан, қўриқчилар ҳам одатдагидан камроқ эди.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трампни қўллаб-қувватловчилар томонидан ташкил этилган «Американи қутқариш марши» номли норозилик намойиши иштирокчилари 6 январь куни кундузи пойтахт Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кирди. АҚШ Конгресси айнан шу ерда мамлакат президентлиги учун ўтказилган сайлов якунларини тасдиқлаши керак эди. Намойишчиларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб Сенат ва Вакиллар палатаси аъзолари ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган. Хабар беришларича, мажлисда қатнашаётган АҚШ вице-президенти Майк Пенс Конгресс биносидан эвакуация қилинган.

Daryo.uz

loading...