​​УЗОҚ ВАҚТ ОЧ ЮРИШ ЎН ИККИ БАРМОҚЛИ ИЧАК ВА ОШҚОЗОН ЯРАСИНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИ

0

CCВ Матбуот хизматининг саволларига тиббиёт фанлари доктори, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари Олим Ғуломов жавоб берди.

— Ўрта ёшли кишилар овқатлангандан кейин ёки кўп ҳаракат қилганда, ўнг томонида оғирлик сезишидан шикоят қилишади. Бу ўт пуфагида муаммо борлигининг белгисими?

— Бу жигар стеатозидан далолат бўлиши мумкин. Нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик, семизлик ушбу касалликка сабаб бўлади. Бундай инсонларга хонадон шароитида ҳар куни камида ярим соат жисмоний ҳаракат қилишни, углеводли маҳсулотлар, яъни ёғли таомлар, ширинликлардан тийилишни маслаҳат берамиз. Сафро ҳайдовчи гиёҳлардан чой дамлаб ичишни тавсия қиламиз.

— Ўн икки бармоқли ичак ва ошқозон яраси қандай намоён бўлади?

— Агар инсон оч қолса, ошқозон-ичакда кучли оғриқ бўлади. Овқат егандан кейин оғриқ бироз муддатга босилади. Бемор кечқурунлари ҳам оғриқдан азият чекади. Булар ўн икки бармоқли ичак ёки ошқозон яраси белгилари саналади. Айтиш керакки, ошқозон ярасидан кўра, ўн икки бармоқли ичак яра хасталиги кўпроқ кузатилади.

— Сурункали гастрит ва унинг натижасида келиб чиқадиган ошқозон саратонига қарши курашда нималарга эътибор қаратишни лозим?

— Сурункали гастрит келиб чиқишида хеликобактер пилори инфекцияси асосий роль ўйнайди. Гарчи, замонавий тиббиёт бу инфекцияни бартараф этишнинг самарали йўлларини топган бўлса-да, беморлар ўз вақтида тиббий кўрикка мурожаат этмаслиги туфайли сурункали гастрит ва ошқозон саратони келиб чиқмоқда. Оилада ўн икки бармоқли ичак ва ошқозон яраси касаллиги билан оғриганлар, атрофик гастрит касаллиги билан хасталанганлар, ота-онаси ёки яқин қариндошлари орасида ошқозон саратони билан хасталанганлар бўлса, бундай инсонларни, албатта, хеликобактер пилори инфекциясини аниқлаш бўйича текширувдан ўтишлари керак. Шу йўл билан ошқозон саратонининг олдини олишга эришиш мумкин.

— Ошқозон-ичак касалликларининг олдини олишда аҳоли амал қилиши осон бўлган қоидалар борми?

— Ҳа, бундай олтин қоидалар бор. Масалан:

Истеъмол қилинадиган овқат 10 даража ҳароратдан паст ва 65 даражадан юқори бўлиши керак эмас.

Овқатни шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш лозим. Шошилиб овқат истеъмол қилинса ёки дастурхон устида суҳбат қурилса, ошқозонга ҳаво киради ва киши кекира бошлайди.

Кунига уч ёки тўрт марта, кам-камдан овқатланиш, кечқурун ҳазми оғир таомлардан тийилиш, табиий маҳсулотлар — мева, сабзавотларни кўпроқ ейиш, трансжир маҳсулотлар — маргарин, майонезларга ружу қўймаслик, кунига 3-4 литр тоза сув ичишга одатланиш ошқозон-ичак касалликларига қарши мустаҳкам ҳимоядир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...