Актёр ва дубляж режиссёри Шомаҳмуд Шорасулов Исроилда ошхонада ишлаб, официантлик қилгани ҳақида гапириб берди (видео)

0

Мухлислар орасида «Сардор» сериалидаги роли билан машҳурликка эришган актёр ва дубляж режиссёри Шомаҳмуд Шорасулов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди.

Шомаҳмуд Шорасулов суҳбат давомида деярли бир йил Исроил давлатида қаҳваҳонада официантлик қилгани ҳақида гапириб берди.

Моддий жиҳатдан жуда ҳам қийналиб қолгандим дея олмайман, бу ҳам бир тасодиф. Тўғри, ҳаммада ҳам моддий талаб ва эҳтиёжларнинг чек-чегараси йўқ.

Пулингиз кўп бўлса орзу-ҳавасингиз ортиб бораверади: ҳашаматли уй, қимматбаҳо машина, данғиллама тўй.

Телевидениеда ишлаб юрган вақтим, айниқса энди уйланган пайтларим, болаларим ёш, маош кам, зўрға етарди. Ёш оила бўлганмиз, моддий қийинчиликлар бўлган.

Ўша пайтда, бу ҳам Худонинг марҳамати, машҳур актриса Гулираъно Ҳакимова Исроил давлатида бўлганлар. Биз авваллари телевидениеда жонли эфирларда дубляж билан шуғулланган вақтларимиз Гулираъно опа ҳам келиб турардилар. Ўшанда танишганмиз, қадрдон бўлганмиз, хабарлашиб турардик. Чет элда бўлсалар ҳам қўнғироқ қилиб турардилар.

Бир куни қўнғироқ қилганларида «Опа, мени ҳам олиб кетсангиз-чи?» дедим, шунчаки. Умуман бу нарса амалга ошиши ҳақида ўйлаб кўрмагандим, гап келганда айтгандим, холос.

«Келасанми?» дедилар,  «Бораман» дедим. Кейин йўл-йўриқларини тушунтирдилар, хат-ҳужжатларини қилдик. Бу ҳам деярли амалга ошмайдиган иш эди. Чунки Исроил ёпиқ давлат, бу давлатга виза олиш деярли имконсиз эди. Лекин телевидениеда бирга ишлаган дўстларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан бу ишлар ҳаммаси ўхшади. Аллоҳ рози бўлсин улардан.

Бордим, ишладим, 10 ой Исроил давлатида бўлдим. 10 ой ичида Тошкентда битта квартирага етадиган пул ишлаганман. Лекин янаям бойиб кетай демадим. 10 ойда қайтдим. Ўша уйни олдим, менга бошқа ҳеч нарса керак эмасди. Ўша бир таъмирланмаган уй  мен учун сарой эди.

Уйга қайтганимда аммам: «Битта машиналик ҳам бўлай, деб ният қилмаган экансанда» дедилар. Ҳақиқатан ҳам, кетаётганда  «Эй Худо, менга бир ватан, бир уй бер» деб ният қилиб кетганман.

Исроилга борганимда Гулираъно опа менга айтганлар: «Энди телевидениени, режиссёрлигингни унутасан, бу ерда қора ишчисан».

Қаҳвахоналарда ишлаганман,  пол, идиш-товоқ ювиб, сабзавот арчиб, 1-2 ойча шунақа ишларга ёрдам бериб юрганман. Тил ўрганишга бўлган лаёқатим, қизиқишим, ошхона ичида ишлаб туриб тилни ўрганганман. Менинг омадим келгани шу бўлганки, келадиган одамларнинг кўпчилиги руссийзабон эди. Айримлари менинг ўзбеклигимни билиб туриб, иврид тилини билмаслигимни сезиб ҳам иврид тилида гапирарди.

Саноқни, таомномадаги таомларни, анжомларни ўрганиб, официант бўлиб ишлай бошладим. Мижоздан бемалол буюртмани қабул қилиб, буюртмасини олиб бориб берадиган бўлдим. 8 ой официантлик қилганман.

Исроил давлатига 2002 йил январь ойининг охири февралнинг бошларида кетиб, декабрда қайтиб келганман.

Шомаҳмуд Шорасулов, дубляж режиссёри, актёр.

Маълумот учун, Шомаҳмуд Шорасулов «Сарой жавоҳири», «Ёз ифори» (Корея) , «Икки тақдир» (Ҳиндистон), «Оила ришталари» (Туркия) «Телба», «Жиноят ва жазо», «Ўсмир» (Достоевский асарлари асосида. Россия) «Уруш ва тинчлик» (BBC) каби сериалларга, «Ваня тоға», «Жамила» (Россия) «Илтижо», «Тазарру», «Орзу дарахти» (Грузия) «Самовий ёғду», «Ёмғир», «Тилла балиқча», «Чумчуқ қўшиғи» (Эрон) «Ёввойи нок» (Туркия) «Қўрқоқ», «Апу триллогияси», «Қизил қалампир» (Ҳиндистон) «Йўл», «Қизил саҳро» (Италия) «Расёмон», «Қумликдаги аёл» (Япония) каби бадиий фильмларнинг овозлаштириш жараёнига режиссёрлик қилган.

loading...