“Аёл зўравонликка дуч келаверса, бу доимий тус олади”

0

Жамиятда умумий маданият аёлга нисбатан муносабат билан ўлчанади. Юртбошимиз ташаббуси билан аёлларнинг давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда иштирокининг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайтирилган. Бугун аёлларимиз ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиб улар орасидан дипломатлар, сенаторлар, илм фан арбоблари ўз салоҳиятлари билан юқори чўққиларга чиқаётганини барчамиз бевосита амалда кўриб турибмиз. Бироқ, айрим ҳолларда ҳали ҳамон оилада эркаклар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик холатлари учраб турибди.

Бугун мамлакатимизда тазйиққа учраган аёлларга ёрдам бериш, муаммоларига ечим топиш мақсадида зўравонликдан жабр кўрган аёллар учун реабилитация ва мослаштириш марказлари ташкил қилинган. Ушбу марказда зўравонликка учраган аёллар учун юридик, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Республика реабилитация ва мослаштириш маркази раҳбар ўринбосари психолог Нигора Абдураҳимова:

-Марказнинг асосий фаолияти хотин-қизларни муҳофаза қилиш, оилада, маиший ҳаётда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда жабр кўрган аёлларга тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат.

2020 йилда марказимизга 19 мингдан ортиқ зўрликка дуч келган аёллар мурожаат қилди. Албба бу кўрсаткич бошқа йилларга нисбатан анча юқори. Агар таҳлил қиладиган бўлсак 19 мингтадан 47 фоиз руҳий зарба ва руҳий зўравонлик олган хотин қизлар ва уларнинг фарзанлардир. 57 фоиз бошқа масалалар, яъни яшаш жойининг мавжуд эмаслиги, қайнона – келин муносабатлари, ажрашиш ёқасига келиб қолган масалалар ёки бандлик билан таъминланмаган фцқаролардан мурожаатлар бўлган. Бугун марказимизга мурожаат этган барча хотин-қизларга зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилмоқда, махсус дастурлар асосида тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқа.

-Улар учун қандай шарт – шароитлар яратилган?

Улар учун ётоқхона, ювиниш хоналари, кутубхона ва дам олиш хоналари мавжуд. Реабилитация вақтида уларга билим ва салоҳиятларини ошириш борасида дарслар, ва турли тўгараклар ташкил этилган. Бундан ташқари, бизда аёлларни тикувчилик ва ошпазликка ҳам ўқитилади Уларга ўз бизнесини очишлари учун кредит олишда ёрдам кўрсатилиш ҳам режада бор.

Аёлларга нисбатан зўравонликларда аралашмаслик, бунга «оила сири» деб қараш мазкур муаммонинг жамиятда кенг илдиз олиб кетишига олиб келади. Негаки эркак аёлга дўқ урса, шикаст етказса, дўппосласа ва бунга чора кўрилмаса, гап оиладан ташқарига чиқарилмаса, албатта бу ҳолат доимий тус олади.

-Бугун аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва аёлларни ҳимоя қилиш бўйича маҳалла кесимларида ҳуқуқий жихатдан ҳимоя қилиш бўйича қандай чоралар кўриляпти?

Ушбу савол билан Миробод туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи, хоким ўринбосари Феруза Мадаминовага юзландик.

-Туманимизда 39та маҳалла мавжуд. Ҳар бир маҳаллада бундай ҳолатларнинг олдини олиш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бу борада жамоатчилик масъулиятини ошириш мақсадида маҳалла фаоллари, бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун маҳаллаларимизда олилани мустаҳкамлаш ва анъанавий қадриятлар масалалари устида тарғибот- ташвиқот ишлари мунтазам олиб бориляпти. Шунингдек, адлия вазирлиги томонидан хуқуқий саводхонлик йўналишида мутахассисларимизга тушунтириш ишлари олиб борияпти.

-Аёлларни оиладаги зўравонликлардан сақлаш учун айнан нималарга эътибор қаратиш керак?

Бугун ёшларимиз ҳаётга тайёр эмас. Ажримларни, тушунмовчиликларни енгиш учун кенг жамоатчиликни жалб қилиш керак. Бунда маҳалладаги кўпни кўрган онахонлар, хожи оталар, кўп йиллик хуқуқий таржрибага эга одамларни аралаштирсак муаммога қайсидир жиҳатдан ечим топилади. Зўравонликка дуч келган аёллар учун “Ишонч телефон“лари ишлаб турибди. Бу телефонга тушган мурожаатлар асосида жабр кўрганларга руҳий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ишонч телефонларига жабрдийдаларнинг яқинлари, гувоҳлар, қўшнилар ҳам мурожаат қилишмоқда. Бу эса зўравонликнинг олдини олишда жамоатчилик назорати ҳам яқин кўмакчи бўлаётганидан дарак беради.

Zamon.uz

loading...