Маст эркак каратэ услубини кўрсатаётган аёлни пичоқлади. Жабрланувчи вафот этди

0

Тошкент шаҳар Яшнобод туманида маст ҳолатида каратэ услубларини кўрсатиб, бехосдан жароҳат етказган танишини пичоқлаб қуйган фуқаро қамоққа олинди.

Хабарда айтилишича, 2020 йилнинг 23 декабрь куни соат 09:03 да Яшнобод тумани Сандиқли 1-тор кўчаси 2-уй олдида тан жароҳатлари билан номаълум аёлнинг мурдаси топилган. Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида, мурданинг шахси аниқланиб, у 31 ёшли Д. К. эканлиги маълум бўлган.

Аниқланишича, 2020 йилнинг 22 декабрь куни соат 16:30 атрофида Д. К. танишлари А. К. ва В. А.лар билан А. К.га тегишли С.Машхадий кўчасида жойлашган уйлардан бирида тиббиёт спиртини истеъмол қилган. Сўнгра Д. К. маст ҳолатда бўла туриб, В. А.га каратэ спорт услубларини кўрсатишни бошлаган.

Шу вақтда Д. К. фуқаро В. А.га бехосдан жароҳат етказган. Оқибатида В. А.ни бундан жаҳли чиқиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан икки маротаба унинг кўкрак қисмига жароҳат етказган. Натижада Д. К. тан жароҳатлари билан хонадондан чиқиб кетган ва юқорида кўрсатилган жойда хушини йўқотиб, сўнгра вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан В. А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида ҳодиса содир бўлган жойдан ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Ҳозирда В. А. жиноят ишига айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, жиноят иши юзасидан дастлабки тергов давом этмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати

loading...