Тошкентда 11-16 январь кунлари «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги» бўлиб ўтади

0

Жорий йилнинг 11-16 январь кунлари Ёшлар ижод саройида “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” ойлиги доирасида  «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги»  ташкил этилади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда. Ҳафталик давомида янги кинолойиҳалар тақдимоти, ёшлар учун маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, кастинг ва конференциялар ҳамда янги фильмлар премьералари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Республика бўйлаб таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар ташкил этилиб, аҳоли билан ўзбек кино санъати тарихи ва бугунги куни бўйича мулоқот уюштирилади. Учрашувлар сўнггида бир қатор тарихий-бадиий фильмларнинг бепул намойиши бўлиб ўтади. Ушбу ҳафталик Давлат раҳбарининг ноябрь ойида янгиланган «Ўзбекфильм» студиясига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси юзасидан ўтказилмоқда. Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан соҳанинг ривожланиш йўли белгилаб берилиб, киноижодкорлар олдига қатор топшириқ ва вазифалар қўйилган эди. Кино ҳафталик доирасида ёш киноижодкорлар учун Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентда филиалини очиш, Тошкент Халқаро кинофестивалини ташкил қилиш, чет элда сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш, ёш киноижодкорларга шароит ва имконият яратиш каби муҳим топшириқлар бўйича экспертлар ҳамда мутахассислар билан «Ўзбеккино»нинг 2021 йилги «йўл харитаси» қабул қилинади.

“Олдимизга қўйилган вазифаларни амалга оширишда соҳа вакиллари, экспертлар ва янги лойиҳалар иштирокчиларининг таклиф ва тавсияларига эҳтиёж пайдо бўлди. Ушбу йўл харитасини «кабинет»ларда эмас, балки киножамоатчилиги билан муҳокама қилиб ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга” – дея фикр билдирди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Шунингдек, ҳафталик давомида миллий мультипликация, ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда ёш киноижодкорлар кунлари ўтказилади.  Ҳафталикнинг ҳар куни бир-биридан қизиқ ўндан ортиқ тадбир ва учрашувлар, бир нечта кастинг ва питчинглар, кино соҳасига оид долзабр мавзуларда давра суҳбатлари ҳамда ижодий учрашувлардан иборат бўлиб, кун сўнгида янги премьералар намойиши бўлиб ўтади.

loading...