Трамп зўрми ё маҳалламиз оқсоқоли?

0

Буни қарангки, хатто ўзи яшаб турган маҳалла оқсоқолини-да тузук-қуруқ билмасдан, туриб кўпчилик АҚШдаги президентлик сайловларига эътибор қаратмоқда. Дарҳақиқат, сайловларга бўлган назар кўлами аввалбошдан Америка чегараларидан чиқиб кетган ва дунё эътибори марказида бўлиб турибди. Одамлар ўз давлати тақдирига бу қадар қизиқмаслиги мумкин, аммо Трампни билишади, Байден билан қизиқишади.

Хўш, тарафдорларидан “тўполончи” Трамп аслида қандай ишлади?

Ер юзида “демократия раҳнамоси” сифатидаги позициясини тобора мустаҳкамлаб боришга интилувчи мамлакатда ўтадиган сайловларга ёндашувнинг ўзи, оммавий эътибор асоси, бизнингча. Нима бўлганда ҳам бу йилги сайловлар аввалгисидан шов-шувлар, ўзига хослик борасида ўзиб кетса кетдики, асло ортда қолмади.

Бунга Трампнинг иқтидордаги йиллари кутилганидек, ўзгача ўтганини сабаб қилиб олса бўлади, назаримизда. Боиси унинг қарорлари “гўё” ўта тезкорлик билан қабул қилинадики, атрофда “ўйланмаган фикрдек” тасаввур уйғотади. Ўз даврида бир у деди, бир бу деди, нима қилса ҳам доим кутилмаган тарафдан кела олди, гоҳ рақсга тушиб, гоҳ байроқ қучоқлаб. Президентликнинг илк кунларидан Обаманинг қарорларини бекор қилиш орқали, келгуси йилларда ностандарт юришлар ҳақида ўзича огоҳлантиргандек бўли. Тан олиш керак, бунинг уддасидан чиқди ҳам.

Гўё урушмоқчидек, аммо урушмайди

Овоз берган сайловчилар сони рақибиникидан кам бўла туриб, Хилларининг оғзидан ғолибликни илиб кета олган, бир кун ҳам давлат ишида расман ишламасада, президентга айланган, ўзигача бўлганлар ичида лавозимга киришган кундаги ёш бўйича энг “қарияси”, энг бадавлати каби жиҳатлари билан тарихда қолаётган Трампдан ҳар ким ҳар хил натижа кутди, ва бу табиий. Айниқса, АҚШ ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши – Россия билан алоқаларда Обамани очиқ танқид қилиб келгани сабаб, келгуси йилларда икки йирик мамлакат ўртасидаги эҳтимолий кескинликни кўпчилик кутган эди. Ҳолбуки, амалда бу кутилганидек рўй бермади, аксинча Қрим масаласи бўйича киритилган санкцияларни инобатга олмаганда, икки томонлама алоқаларда мўътадиллик кузатилди. Ҳар ҳолда, Трамп ғолиблиги Москвада байрам қилингани қайсидир маънода ўзини оқлади. Бунинг ўрнига Хитой билан фаол иқтисодий уруш олиб борилди ва у давом этмоқда.

Лекин, 2017 йилда АҚШнинг иқлим бўйича Париж келишувидан, 2018 йилда Эрон ядро дастури бўйича келишувдан, 2019 йилда Қурол савдоси ҳақидаги Халқаро келишувдан чиққани деярли барча мамлакатларни уйқусини қочириб, ўз ташқи сиёсатларига янада эътиборлироқ бўлишга ундагани бор гап. Зеро бу юришлар тизимлиштирилса, фаол тарзда қуролланиш пойгаси учун тайёргарликка ўхшаб кетарди ва бошқаларни ҳам бунга ундаши кундай равшан эди. Трампдан қолаётган яна бир муҳим тўхтам, АҚШ ва Бирлашган миллатлар ташкилоти ўртасидаги муносабатлардир. Зеро Дональд 2017 йилда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларни молиялаштиришни сезиларли даражада қисқартиришга қарор қилди. Пандемия сабаб Хитойга фақат санкциялар орқали пўписа қилиш билангина чекланиб қолмади. ЖССТга бундан буён ушбу ташкилотни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатиб қўйиш, хаттоки АҚШ ЖССТ ўртасидаги барча алоқаларини узиши билан таҳдид қилди.

Агар бу ҳаракатларни ҳам “бир ипга тизиб чиқсак”, АҚШнинг халқаро ҳамжамият олдидаги масъулиятларни бирма-бир камайтириши ва фаол уруш учун йўлини очаётгани гавдалангандек бўлади кўз олдимизда. Аммо амалда Дональд Трамп урушга олиб келиши мумкин бўлган асосий сабабни бартараф қилишда ўзидан олдингилар уддалай олмаган иш, КХДР раҳбари билан алоқаларни йўлга қўйиш, хатто Вьетнам пойтахти Ханойда Ким Чен Ин билан икки кунлик саммитда шахсан учрашиб, музокара ўтказишнинг уддасидан чиқди. Гарчи бу кутилган амалий натижа бермаган бўлса-да, муносабатлар муаяйн муддат анчайин илиқлашиб, музокара босқичида ушлаб турилди.

Бу ҳам ҳаммаси эмас, Трамп ўзидан олдингилардан фарқли равишда қуролли ҳаракатларга эрк бермади, ўзи уруш эълон қилмади ва борларини ҳам қисқартириш йўлидан юрди. Натижаси эса, ҳаммага маълум. Бугун Яқин шарқ, хусусан Сурияда бой берилган позициялар унинг юзини ерга қаратмаётгани сабаби ҳам кам қон тўкилишига эътиборли бўлганидир балки…

У ҳайвон боқмади лекин…

Яна бир ўзига хос томони, унинг даврида илк бор Оқ уйга кучук ёки мушуклар киритилмади. Ваҳоланки аввалги президентлар даврида бунинг учун хатто алоҳида персонал хизмат қилган ва албатта бу харажат дегани.

Гарчи ташқи сиёсатда бир мунча илиқлашув, муросавий кайфият барқарорлигига эришилган бўлсада, давлатнинг ички ижтимоий ҳаёти бироз издан чиққандек. Айниқса, Трамп даврида қора танлилар ва мухожирларга муносабат анча кескинлашганини айтиб ўтиш керак. Грин Кард йўқолишидан сиз ҳам хавотир олган кунларингиз бўлди-ку, тўғрими?

Мексика билан чегараларда девор ўрнатилиши, қора танлиларнинг полиция ходимлари қўлида жон беришлари билан боғлиқ ҳолатлар сони ортиши, мамлакат бўйлаб норозилик кайфиятини ва кенг кўламли тартибсизликларни келтириб чиқарган кунларни ҳам кўрдик. Трампнинг ўз постини топширишидан Қора танлилар алоҳида хурсандлиги ва ҳатто байрам қилаётгани ҳақиқий вазиятга холис баҳодир.

Нима бўлганда ҳам сайловлар давомида уни қораловчилар, яъни Байден тарафдорлари ва албатта Трампни қўллаб-қувватловчилар кўчаларга чиқишди, аҳоли анчайин фаол иштирок этди. Коронавирус пандемияси сабаб 65 млн сайловчи овозларини почталар орқали юборди.

Қари қилганни пари қилмас”

Сайлов натижалари АҚШ президентларининг ёши борасидаги рекорд кўрсаткични камайтирмайди, аксинча янгилайди. Яъни, Дональд Трамп сайланган пайтида 70 ёш эди ва бу борада Роналд Рейганнинг 69 ёшлик рекордини янгилаган эди. Демак, Трамп ҳокимиятни сақлаб қолиши АҚШ тарихидаги энг кекса президентлик титулини ҳам ўзида қолишини таъминлайди. Байден эса, ушбу натижани ўсиш томон сезиларли равишда ўзгартиради. Камига катта эҳтимол билан Жо бу борадаги рекордни ўзида абадий сақлаб қолади. Чунки у президенликка киришганда 79 ёшда бўлади. Буни яшириш ва тан олмаслик учунми, билмадик, лекин Байден сайловолди учрашувларида ўзини ғайратли кўрсатиш учун бироз югуриб юришга тўғри келди.

Бизда тун, уларда кун давомида кузатилган Капитолийни ишғол қилиш жараёни “қариялар” осонликча таслим бўлмаслигидан далолат бермоқда. Воқеалар АҚШда ички сиёсат ташқи сиёсатга нисбатан камида яқин келажакда устуворлигини сақлаб қолишига ҳам далолат. Очиғини айтганда, Трамп даврида юзага келаган ички ижтимоий ҳолат халқнинг иккига бўлинишида яққол акс этмоқда. Ўз ички сиёсати билан банд Америка ташқарида «тўполончилик қиладиган» Америкадан устунроқ ва кучлироқ эканини тан олиш керак.

Вашингтон ва Лос Анжелесдаги воқеларни кузатиб, оммавий тартибсизлик ва намойишлар сценарийси борасида “мусиқа буюриб келган” томон бу гал ё дискни алмаштириб қўйди ёки янгисини синовдан ўтказмоқда, деган турли фикрлар айланади бошда. Шуниси аниқки, АҚШ катта сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларга ҳар қачонгидан муҳтож бўлиб, бошқа етакчи етовига ўтмоқда. Бу вазиятдан уларни ё кучли ва иродали ислоҳотлар ёки кенг кўламдаги қуролли тўқнашувлар чиқаради. Ҳар нима бўлганида ҳам биринчи йўлидан умид қилиш дунё учун ҳам ўзлари учун ҳам фойдали. Аммо иккинчи жаҳон уруши даврида уларга иккинчи йўл жозибалироқ кўринган.

Байденнинг(ҳозирча) баёнотларига ишонилса(айниқса, Эрон масаласида), биринчисига умид каттароқ…

Алишер Равшанов,

журналист

(Human.uz)

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here