​​ГЛАУКОМА — НОГИРОНЛИККА ОЛИБ КЕЛУВЧИ ОҒИР ХАСТАЛИК

0

Глаукома— кўзи ожизлик, ногиронликка олиб келувчи оғир кўз касаллигидир. Дунё бўйича100 миллиондан ортиқ инсон у билан хасталанган. Шундан 40 миллионга яқини кўзи ожиз беморлардир. Хўш, бу хасталикнинг давоси борми? Унинг қандай белгилари мавжуд? Глаукома билан оғриган беморлар нималарга эътиборли бўлиши зарур? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов жавоб берди.

— Глаукома қандай касаллик?

— Глаукома — кўз ички босими ошиши натижасида кўриш нерви атрофияси ривожланиши ва кўзи ожизликка олиб келиши мумкин бўлган сурункали касалликдир. У бошида белгиларсиз кечиб, беморни ҳеч нарса безовта қилмайди. Шунинг учун у “айёр” касаллик деб ҳам юритилади.

Касалликнинг илк босқичларида уни аниқлаш қийин. Бироқ вақт ўтгани сайин бемор кўриши хиралашади, оғриқни ҳис қилади. Глаукома касаллиги эрта аниқланиб, ўз вақтида тўғри даволансагина кўзи ожизликнинг олдини олиш мумкин.

— Хасталикнинг алоҳида белгилари нималардан иборат?

— Глаукома, асосан, ёши катталарда учрайди. Шунингдек, болаларда (туғма глаукома) ва ёшларда (ўсмирлар глаукомаси) ҳам кузатилади. Касалликнинг эрта босқичида ранг ажратиш қобилияти, қоронғиликка мослашиш ва кўриш майдонининг торайиши кузатилади.

Буюмларни аниқ кўрмаслик, эрталаб уйғонганда кўз, пешона ва чакка томонида оғриқ сезиш глаукоманинг дастлабки белгиларидир. Касаллик тўсатдан ўткир хуруж билан бошланиши ҳам мумкин.

Беморнинг кўз ички босими кўтарилганда қаттиқ бош оғриғи, кўз соҳасида оғриқ ва қизариш кузатилади. Баъзи ҳолларда кўнгил айниши, қайт қилиш белгилари ҳам рўй беради. Нур манбаларига қаралганда, улар ҳар тарафга ёйилган камалаксимон доиралар бўлиб кўринади.

— Кимлар бу касалликка кўпроқ чалинади?

— Глаукома кўпроқ 35-40 ёшдан ошгандан кейин учрайди ва ёш ошган сари касалликка мойиллик кучаяди. Дарднинг келиб чиқиш омилларидан яна бири, бу — яқин қариндошларда глаукоманинг мавжудлигидир.

Юрак-қон томир тизими касалликлари, артериал гипертензия ва гипотензия, вегетатив томирлар дистонияси, мигрень, бошнинг ярми оғриши ва шу каби касалликлар ҳам глаукоманинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, сурункали кўз касалликлари билан оғриган беморлар (миопия, гиперметропия, увеит, кўз жароҳатлари), доимий кўз зўриқиши билан ишловчилар, қандли диабет, неврологик касалликлар билан хасталанганларда глаукомага мойиллик бўлади.

— Кўзнинг нормал босими қанча?

— Кўзнинг нормал фаолияти учун унинг ички босими меъёрида — доимо бир хил бўлиши лозим. Соғлом кишиларда кўз ички босими 15 мм симоб устунидан 25 мм симоб устунигача тенг бўлади.

Айтиш лозимки, кўз ички босими ҳар бир одамда ўзига хос бўлиб, 1,2 мм симоб устунигача ўзгариб туриши мумкин. Ёш улғайиши билан бундай босимнинг ошиши 1-1,5 мм симоб устунигача кўтарилади. Глаукоманинг илк белгиларини пайқашингиз билан шифокорга мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...