Россияда COVID-19’нинг «британча» штаммини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланди

0

Россияда коронавируснинг 2020 йил охирида Буюк Британияда тарқалган янги штаммини юқтириб олиш билан боғлиқ дастлабки ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Россиянинг бош санитар врачи Анна Попова маълум қилди, дея хабар бермоқда Meduza.

Попованинг сўзларига кўра, касалланган шахс яқинда Буюк Британиядан қайтган Россия фуқаросидир. Унинг аниқлик киритишича, касаллик декабрь ойининг охиридаёқ аниқланган эди.

Коронавируснинг янада юқумли ҳисобланган янги B.1.1.7 штамми илк бор 2020 йил сентябрида Буюк Британияда аниқланган ва декабрь ойи ўрталарида бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган эди. Бош вазир Борис Жонсон коронавируснинг бу тури аввал тарқалган штаммлардан кўра 70 фоизга юқумлироқ эканини маълум қилган эди.

Россия коронавируснинг янги штамми туфайли жаҳоннинг бошқа ўнлаб мамлакатлар қатори Буюк Британия билан авиақатновларни вақтинча тўхтатган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 7 январь ҳолатига кўра коронавируснинг «британча» штамми Европанинг 22 мамлакатида аниқланганини маълум қилган эди.

Олимлар ва фармацевтика компаниялари вакиллари коронавирусга қарши вакциналар янги штаммга таъсир қилмайди, деб тахмин қилиш учун ҳозирча асослар йўқлигини таъкидлаган.

loading...