Гиппократ қасамёди (ҳақиқий)

0

Шифокор Аппалон, Асклепий, Гигиэя, Панакея ва бутун маъбудлару маъбудалар номи билан уларнинг гувоҳлигида ўз кучим ва ақлимга мос тарзда қуйидагича қасамёдим қиламан ҳамда ёзма равишда тасдиқлайман: менга шифокорлик санъатини ўргатган устозларимни ўз ота-онамдек кўраман, бутун борлиғимни улар билан ҳам баҳам кўраман ва зарур бўлганида ёрдамимни аямайман; уларнинг фарзандлари менинг қон-қариндошларимдир ва бу касбни, санъатни, агар улар хоҳлашса, ҳеч қандай моддий манфаатларсиз ўргатаман; устозлик қиламан, оғзаки дарслар ва барча-барчасини ўз фарзандларимга, устозларимнинг фарзандларига, шогирдларимга мажбуриятим ва тиббиёт қонунларига асосан ўргатаман.

Беморларга ўз ақл-заковатимга таянган ҳолда фақатгина уларга фойдали бўладиган тавсиялар бераман, турли виждонсизликлар ва уларга зарар келтиришдан ўзимни тияман. Ҳеч кимга, ҳатто сўраса ҳам, ўлим келтирувчи воситани тавсия қилмайман ва шу фикрга этакловчи йўлни кўрсатмайман; худди шунингдек, аёлларнинг соғлом ҳомиладорлигини тўхтатиш учун “ёрдам” бермайман.

Ҳаётим ва касбимни тоза ҳамда соф ўтказаман. Ҳеч қачон тош касаллиги билан оғриётган беморларни операция қилмайман, шу иш билан шуғулланаётган одамларни бу йўлдан қайтараман. Мен ҳар қандай хонадонга фақатгина беморларнинг фойдаси учунгина кираман, бемор хоҳ аёл ёки эркак, хоҳ қул ёки озод киши бўлсин, ундан ҳеч нимани тама қилмайман.

Беморни даволар эканман (муолажадан кейин ҳам), унинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни сир санаб, ҳеч қачон ошкор қилмайман.

Ҳаётда ва касбимда бахт-саодатга эришиш учун қасамёдимни асло бузмайман, онтига вафо қилмаганларга эса бунинг акси бўлсин!

Ўзбек тилига таржимани Муродов Зарифжон Жумабоевич қилди.

 

 

Аксариятимиз шифокорлар ҳақида гап кетганда Ҳиппократ қасамини ичгандан кейин беморни текин даволашга мажбур, пул сўрашга ҳаққи йўқ, у қилишга мажбур, бу қилишга мажбур дейишганига кўп гувоҳ бўламиз ёки ўзимиз шундай деймиз. Лекин аслида мана шу қасамёдда нималар дейилган? Мана юкорида ўша қасамёрнинг XI асрдаги қўлёзма нусхаси. У ерда шифокор қасамёд қилиши керак бўлган 9 мажбурият ва тамойиллар санаб ўтилади:

1. Шифокорнинг устози, ҳамкасблари ва шогирди олдидаги мажбуриятлари;

2. Беморига атайлаб зиён етказмаслик тамойили;

3. Беморига ёрдам бериш мажбурияти;

4. Беморнинг фойдаси учун ғамхўрлик қилиш тамойили;

5. Тирикликка (ҳаётга) бўлган ҳурмат ва эвтаназиянинг ҳар қандай кўринишини рад этиш тамойили;

6. Аборт қилмаслик тамойили;

7. Беморлари билан ҳар қандай кўринишдаги интим алоқадан тийилиш мажбурияти;

8. Шахсий комиллик эришиш, ўз устида ишлаш мажбурияти;

9. Шифокорлик сирини сақлаш тамойили.

Мана Ҳиппократ қасамёдида нима дейилган! Беморнинг пули бўлмаса ёнингдан дори сотиб олиб давола дейилмаган… текинга хизмат қилиб оилангни унут дейилмаган… беморни даволашдан ташқари дала ишларига қарашгин дейилмаган…

Биз ҳаммамиз тирик жонмиз, касал бўлишимиз бор, фарзандли бўлишимиз бор, мана шундай кунимизда албатта шифокорга ишимиз тушади. Сифатли тиббий хизматни истар эканмиз, аввало унга шароитни ўзимиз яратишимиз, шифокорларимизнинг қорни тўқлиги, моддий жиҳатдан қийналиб қолмаслигини таъминлашишимиз шарт! Чунки молиявий муаммоси бўлган, топгани харажатларини қопламайдиган, у ишдан чиқиб бунисига югурадиган, кечаси сменада ишлаб кундузи бемор кўрадиган шифокордан соғлом ақл эгаси сифатли тиббий хизмат талаб қилиши мумкин эмас! Зотан, сифатли нарса арзон бўлмайди, агар у арзон экан демак сифатли эмас, ҳар қанақасига!

OPERATSIYAUZ

 

 

 

loading...