Жиззахда қулаб тушган кўп қаватли уйни чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги қураётгани маълум бўлди

0

Жиззахда янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бу ҳақда тегишли давлат органларининг берган расмий баёнотларида маълум қилинишича, 2021 йил 10 январь куни соат 17:15 ларда Жиззах шаҳрининг Зилол маҳалласи, Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли, 1-2 қаватлари савдо дўкони, 3-6 қаватлари уйга мўлжалланган 240 кв.м иборат бўлган бино қулаб тушган.

Бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш борасида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳалокат содир бўлган иншоотда қурилиш тозалаш ишлари бораётир. Айни пайтда Жиззах шаҳар ҳокимлигида ушбу ҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича тузилган махсус комиссия иш олиб бораётир.

Кеча кунинг иккинчи ярмида ушбу комиссия Жиззах шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказди.

Ҳуқуқ тартибот органлари, архитектура қурилиш ташкилоти, давлат архитектура назорати ташкилоти мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда комиссия раиси, Жиззах шаҳар ҳокими А. Шукуров ушбу ҳалокатни ўрганиш бўйича аниқланган дастлабки маълумотлар ҳақида ахборот берди.

Иншоот ижтимоий тармоқлардаги хабарларда «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ томонидан қурилаётгани айтилган. Аммо қулаган иншоот эгаси номи «Чорвадор-Қоракўл-Барака» МЧЖ эмас, «Баракали қоракўл чорвадор» фермер хўжалиги экан.

Ушбу фермер хўжалиги Фориш туман ҳокимининг 2017 йил 28 июлдаги қарори билан “Дарвоза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида лалми ерда қоракўл қўйчиликка ихтисослаштириб ташкил этилган

Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган бино иншоот ва эгаллаган ер майдони билан “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги мулки сифатида 2019 йил 22 апрелда 18365-сон реестр билан давлат кадастр рўйхатидан ўтказилган.

Фермер хўжалиги Жиззах шаҳрида савдо фаолияти билан шуғулланиб келган. Жиззах шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябрдаги қарори билан “Зилол” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган бинони бузиб, ўрнида биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, юқори қаватлари турар жой биноси сифатида қайта қуришга рухсат берилган. Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ I-II) ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

“Discovery architects group” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, “Шаҳарсозлик экспертизаси” давлат унитар корхонаси Жиззах вилояти филиалининг хулосаси олинган ва вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган ҳамда рухсатнома олинган.

Қурилишнинг лойиҳаси, рухсатнома олишда барча техник ҳужжатлар қанчалик тўғри эканлиги, ҳалокатга лойиҳалаштиришдаги камчиликлар сабаб бўлганми йўқлиги ҳозирча номаълум. Бу комиссия томонидан ўрганилаётир.

Ҳозирча аниқ бўлгани шуки, қурилишнинг буюртмачиси ҳам, пудратчиси унинг эгаси, яъни – “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалигининг ўзи бўлган. Кўп қаватли уйларни қуришда тажрибаси йўқ, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги бу ишни қандай уддалагани эса кеча маълум бўлди.

Ҳозирча саволлар кўп. Саволларга фермер хўжалиги иш бошқарувчи Акмал Бобоев:

– Шукур, ҳодиса дам олиш куни содир бўлгани учун одамлар жабрланмади, – деб жавоб берди.

Ҳалокат юз берган иншоотда лаборатория текширувлари ўтказилаётир. Яқин кунларда барча саволларга аниқ жавоб топилса, ажабмас.

ЎзА

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here