Исроил бош вазири ҳам қадрдони Трампдан юз ўгирди. У билан тушган суратини «Twitter»дан ўчириб ташлади

0

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Twitter’даги саҳифасидан АҚШ президенти Доналд Трамп билан бирга тушган суратини ўчириб ташлади. Google кэшидаги маълумотларга кўра, ушбу сурат бир неча ой давомида Нетаняху аккаунтининг муқоваси сифатида хизмат қилган, деб ёзмоқда «Kun.uz».

Исроил бош вазири ўчириб ташлаган сурат 2020 йил 15 сентябрда Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувнинг имзоланиши вақтида Оқ уй олдидаги майсазорда олинган. Ўшанда АҚШ воситачилигида эришилган келишувни имзолашда Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдулатиф бин Рашид Ал-Заёний, БАА ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва АҚШ президенти Доналд Трамп иштирок этган. Суратда Нетаняху ва Трамп бир стол атрофида ёнма-ён ўтирган ҳолда тасвирланган. Бунгача Нетаняху Twitter’даги саҳифаси учун Трамп билан тушган бошқа суратидан фойдаланиб келган. Бу сурат 2019 йил 25 мартдаги учрашувда олинган. Унда Исроил ва АҚШ етакчилари бир-бирининг қўлини сиқиб турган ҳолда тасвирланган.

12 январда Нетаняху Трамп билан тушган суратини коронавирусга қарши эмланганда тушган сурати билан алмаштирган. Бу ҳолат Трамп билан “қалин дўст бўлган” Нетаняху АҚШдаги охирги воқеалардан кейин у билан ҳеч қандай умумийликка эга бўлишни истамаётганини англатиши мумкин.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here