Қирғизистонда коронавирусдан ўлимлар учун собиқ бош вазирларни жавобгарликка тортишга қарор қилишди

0

Қирғизистон собиқ бош вазирлари Муҳаммадкалий Абулғозиев ва Кубатбек Бўронов пандемия чоғида одамларнинг ўлимига олиб келган хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши керак. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати раҳбари Сиймик Жапикеев маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».

«Кимдир жавоб бериши керак, мингдан зиёд одам ҳалок бўлади-ю, ҳеч ким бунинг учун жавобгар бўлмайдими? Пандемияга алоқадорларнинг ҳаммаси — Маҳаммадкалий Абулғозиев, Кубатбек Бўронов, Олтиной Омурбекова (2020 йил апрелигача бош вазир ўринбосари бўлган, ижтимоий сиёсат мутасаддиси), икки нафар собиқ соғлиқни сақлаш вазири ва Молия вазирлиги вакили — уларнинг ҳаммаси жавоб беради, биз ишни охиригача етказамиз», — деди Жапикеев журналистларга 12 январь куни.

Унинг сўзларига кўра, тергов коронавирусга қарши кураш учун чет элдан қанча молиявий, техник ва гуманитар кўмак олинганини аниқлаштирмоқда.

«Биз пандемияга алоқадор бўлганларнинг барчасини сўроқ қилмоқчимиз, ҳеч кимга ён босилмайди. Биринчи навбатда, одамларнинг ўлими учун жавобгарликка тортиш керак. Эҳтимол, бунга алоқадор бўлган кўп одамлар ҳибсга олиниши мумкин», — деди Жапикеев.

Абулғозиев ва Бўронов аввалроқ Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизматига COVID-19 туфайли гуманитар ёрдам етказилишида маблағларнинг мақсаддан ташқари ишлатилиши ҳақидаги иш бўйича гувоҳ сифатида чақирилган эди. Бу иш бўйича асосий фигурант Қирғизистон собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпонбоев ҳисобланади.

Пандемия бошидан буён Қирғизистонда коронавирус ва касалхонадан ташқаридаги пневмония бўйича 82 495 та ҳолат аниқланган, беморларнинг 1374 нафари вафот этган. Мамлакатда COVID-19 туфайли фавқулодда вазият режими амал қилмоқда.

Абулғозиев Қирғизистон ҳукуматини 2018 йил апрелдан 2020 йил 15 июнгача бошқарган. Бўронов эса июндан октябрь бошигача бош вазир бўлган.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here