Тошкент шаҳрида Санкт-Петербург давлат университети филиали ташкил этилди

0

“Тошкент шаҳрида “Санкт-Петербург давлат университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4942, 12.01.2021) қабул қилинди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ, филиал:

 

— университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

 

— таълим фаолиятини 2021/2022 ўқув йилидан бошлайди;

 

— кадрлар тайёрлашни кундузги, кейинчалик сиртқи ва бошқа таълим шаклида олиб боради;

 

— битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунасидаги дипломини беради;

 

— таълим жараёнини рус тилида, кейинчалик бошқа тилларда олиб боради.

 

Филиалга талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.  Бунда, давлат гранти асосида таълим олган филиал битирувчилари уч йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва ташкилотларига тақсимланади;

 

Филиал Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Тошкент шаҳар Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 16-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.

 

Филиалда қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислари бўйича кадрлар тайёрланади:

 

Филология (шарқ тиллари бўйича);

 

Мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти (шарқ мамлакатлари бўйича);

 

Биотиббиёт (кимё, физика, психология ва бошқалар).

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here