Ўзбекистон ИИВнинг ноҳақ ишдан бўшатилган собиқ ходимаси орадан 8 йил ўтиб лавозимига тикланди

0

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 2012 йилда ишдан бўшатилган собиқ ходимаси лавозимига қайта тайинланди. Бу ҳақда «Дарё»га Омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида 2000−2012 йилгача турли лавозимларда фаолият юритган Хуршида Жалилова 2012 йилга келиб, Ўзбекистон фуқаролигига мансуб эмаслиги важи билан ишдан бўшатилган.

Маълум қилинишича, у 2020 йилнинг августида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилиб, ноҳақ ишдан бўшатилганини билдирган.

Ўрганишлар натижасида Жалилова 8 йил мобайнида ишга тикланиш бўйича кўплаб давлат идораларига қайта-қайта мурожаат қилгани ва охири унинг иши Олий судда кўриб чиқилгани аниқланган.

«Узоқ уринишлар натижасида 2020 йилнинг март ойида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажримига мувофиқ, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви ғайриқонуний деб топилиб, Х.Жалиловани Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими катта терговчиси лавозимига тикланиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Олий суд қарорига қарамасдан, Жалилова ишга тикланмайди. Шундан сўнг у Омбудсманга мурожаат қилади.

Вакил томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида Олий суд қарори даъвогарнинг Қирғизистонда фуқаролиги бор ёки йўқлиги аниқланаётгани важи билан ижро қилинмагани аниқланган.

Омбудсман матбуот хизматининг маълум қилишича, масалани ҳал этиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Қирғизистон Омбудсманига мурожаат қилиб, Х.Жалилованинг фуқаролигига аниқлик киритди. Шундан сўнг тўпланган маълумотлар асосида ишга тиклаш бўйича вакил хулосаси ички ишлар вазирига юборилди.

Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 8 январдаги жавоб хатига мувофиқ, Хуршида Жалилова бор махсус унвони билан ИИВ кадрлар сафига қўшилиб, орадаги узилиш даврини хизмат муддатига қўшган ҳолда хизматга тикланган.

loading...