Бу йил мамлакатимизда иккита қуёш электр станцияси ишга туширилади

0

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов вазирликнинг 2020 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

– Юртимизда энергетика билан боғлиқ муаммолар мавжуд, – деди С.Умурзоқов. – Шу боис бу йилги инвестиция дастурида ёқилғи энергетика тизимига катта маблағ ажратилди.

Муқобил энергия ишлаб чиқариш борасидаги изланишлар туфайли бу йил тарихда қолади. Зеро, биринчи марта иккита қуёш электр станцияси ишга тушиши кутилмоқда. Франциянинг йирик компанияларидан бири билан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ишга тушадиган 100 (МВт) қувватга эга лойиҳа улардан бири. Иккинчиси, БААнинг йирик компанияси билан Зарафшонда ишга тушадиган 100 МВтли корхона. Шунингдек, Навоий вилоятида шамол энергетикаси борасида 500 МВтли лойиҳа ишлари бошланган.

Муқобил энергия ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳалар кўмагида 700 МВт электр олиш имкони бор. Лойиҳаларни молиялаштириш ишлари бошлаб юборилган. Улар хорижий инвесторлар ҳисобидан амалга оширилади.

Айни вақтда 600 МВтли қуёш станцияларини қуриш борасида тендер эълон қилинган. Унинг натижалари март ойида, 500 МВтли шамол станцияси қуриш борасидаги танлов эса апрель ойида якунланади.

Қайд этиш керакки, муқобил энергиянинг янги турларини излашимиз керак. Чунки, биз бошлаган муқобил энергия турлари – қуёш, шамол борасида баъзи масалалар бор. Мисол учун, қуёш панеллари ишлаб чиқаришда табиатга анчагина зарар етказилади.

Яқинда Япония давлатига бордик. Улар 2050 йилга бориб углерод чиқиндиларини мутлақо ноль даражага келтирмоқчи. Биз ҳам бу борада ва янги йўналишлардаги ишларни жадаллаштиришимиз керак. Шунинг учун вазирлик қошида марказ туздик.

ЎзА

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here