Огайо университети олимлари коронавируснинг иккита янги штаммини аниқлади

0

РИA Новости хабарига кўра, AҚШнинг Огайо университети олимлари коронавируснинг иккита янги штаммини аниқлади, улардан бири «британча» штамм билан ўхшашликларга эга, иккинчи штамм вируси эса янада юқумли эканлиги айтилмоқда.

Огайо Университетининг баёнотида айтилишича, биринчи мутация, «британча» штаммга ўхшаш бўлса-да, лекин у AҚШда пайдо бўлган. Иккинчи штамм илгари SARS-Cov-2 да топилмаган учта генетик мутацияга эга.

Бу штаммларнинг биринчиси яқинда Огайо штатидаги бир беморда топилган ва олимлар ҳозирча унинг қанчалик кенг тарқалганлиги ҳақида аниқ фикрга кела олмаяпти. Иккинчи штамм Колумбус шаҳрида 2020 йил декабрь ойи охири — 2021 йил бошларида кўпая бошлаган.

Олимларнинг фикрига кўра, иккинчи штаммдаги мутациялар вируснинг юқумлилик ҳолатини ва шу билан касалликнинг одамдан одамга ўтишини кучайтириши мумкин.

Тадқиқотчилар ушбу мутациялар вакциналарнинг самарадорлигига таъсир қилади деб хулоса қилиш учун ҳали асослар йўқлигини таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойининг ўрталарида Буюк Британияда SARS-CoV-2 коронавирусининг янги мутацияси аниқлангани маълум бўлди. Кейинчалик, Буюк Британия расмийлари мамлакатда аниқланган коронавирус штамми тезроқ тарқалаётганини ва аҳолидан янада эҳтиёткорликни талаб қилишини тасдиқладилар. Янги штамм одатдаги штаммга қараганда 70 фоиз кўпроқ юқумли деб тахмин қилинган бўлса-да, ҳали ўлим ҳолатлари ёки госпитализация нуқтаи назаридан хавфли эканлигини тасдиқлайдиган асос йўқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here