Ўзбекистонда “тўхташ” ва “тўхтаб туриш” қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори қанчага пасайиши маълум қилинди

0

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари Фарҳодбек Ашматов ва Козим Тожиев томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига ўзгартиришлар киритиш таклифи берилди. «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодировнинг маълум қилишича, ташаббус биринчи ўқишда маъқулланган.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазолар енгиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилиши кутилаётганини маълум қилганди.

Ўзгаришлар қуйидагилар:

  • Кодекснинг 54-моддасида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун белгиланадиган жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 бараваридан (6,69 миллион сўм) 20 бараваригача (4,46 миллион сўм) пасайтирилмоқда;
  • 128-моддага 6-қўшимчада транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини биринчи марта бузганлик учун кўзда тутилган БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм), йил давомида иккинчи марта содир этса 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм), такрор содир этса 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм), кейингилари 15 бараваридан (3 миллион 345 минг сўм) жарималар занжири бекор қилиниб, битта жаримага, яъни БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдоридаги жаримага ўзгартирилмоқда;
  • Кодекснинг 137-моддасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолганлик учун БҲМнинг 30 баравари (6 миллион 690 минг сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум этиш ёхуд 15 суткагача қамоқ жазоси кўзда тутилган эди. Янги нормада жарима ҳуқуқбузарлик даражасидан келиб чиқиб учта тоифага ажратилади, яъни жиддий оқибатлар билан боғлиқ қоидабузарлик жойидан кетиб қолиш учун жарималар шу миқдорда сақланиб қолинади, нисбатан енгил оқибатлар билан боғлиқ бўлса БҲМнинг 15 баравари миқдорида жарима ва 1 йил муддатга транспортни бошқариш хуқуқидан маҳрум қилинади, жиддий бўлмаган қоидабузарлик жойидан кетиб қолганлик учун БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм) миқдорида жарима белгиланиши таклиф қилинмоқда;
  • 141-моддада корхона ва ташкилотларга тегишли транспортдан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланганлик учун жарима БҲМнинг 5 бараваридан (1 миллион 115 минг сўм) 2 бараваригача (446 минг сўм) камайтирилмоқда;
  • 147-моддада йўллар, йўл иншоотлари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 3 бараваридан (669 минг сўм) 1 бараваригача (223 минг сўм) камайтирилмоқда.

«Миллий тикланиш» демократик партияси жарималар фуқароларнинг даромадлари ва йўлларда яратилган шароитларга мутаносиб даражада белгиланиши тарафдори. Лекин энг тўғриси қоидаларга амал қилиш орқали эҳтимолий жарималардан сақланиш, маблағларни оиламиз даромадларини орттиришга йўналтиришдир», — деб ёзади Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг сентябрида Ўзбекистонда автомобилнинг суғуртаси йўқлиги учун жарима майдончасига жойлаштириш амалиёти бекор қилинган эди.

loading...